АҚШ департаменти Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига янги жиҳозлар топширди

    Суратда: Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов, Республика тиббий тез ёрдам илмий маркази директори ўринбосари Е.Борисова, АҚШ элчиси Ж.Крол ҳамда Республика тиббий тез ёрдам илмий маркази директори А.Хожибоев

    Medical Teams International халқаро гуманитар ташкилоти ҳамда АҚШ Давлат департаментига қарашли инсонпарварлик ёрдами дастури ҳамкорлигида Республика тиббий тез ёрдам илмий марказига тиббиёт жиҳозлари ва материаллар юкланган учта контейнер тақдим этилди, деб хабар беради АҚШнинг Ўзбекстондаги элчихонаси расмий сайти. Тошкентда бўлиб ўтган тақдимот маросимида АҚШ элчиси Жорж Крол ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари иштирок этди.

    Medical Teams International ҳамда АҚШ Давлат департаментига қарашли инсонпарварлик ёрдами дастури томонидан мазкур ёрдамнинг биринчи қисмини шу ойнинг бошида етказиб берганди. Беморларга тиббий тез ёрдам кўрсатишда ишлатиладиган жиҳоз ва материалларнинг умумий қиймати 1 278 652 АҚШ долларини ташкил этади.

    Давлат департаменти ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида имзоланган келишувга кўра, бу инсонпарварлик юклари Республика тиббий тез ёрдам илмий маркази ва унинг вилоятлардаги филиалларига етказиб берилади. Ўзбекистондаги тез ёрдам пунктлари ҳам бу тиббиёт воситаларидан фойдаланишади.

    Материал ва жиҳозлар ўз ичига катетер, канюла, найча, томирости инъекцияси тўплами, жарроҳлик асбоблари, кўрпа-тўшак жилди, небулайзер, намлагич каби жарроҳлик ва инвазив даволашда, шунингдек, тиббий тез ёрдамдан фойдаланувчи шикастланган ва даволанувчи беморларга кўмаклашишда қўлланадиган бошқа воситаларни олади.

    Келишувга биноан, 2012 йил охирига қадар яна қўшимча учта контейнерда инсонпарварлик ёрдами келиши кутилмоқда.

    SHARE