Биз ўзбеклармиз ёхуд сиз нима дейсиз?

Қисқача ўзим ҳақимда: Тақдир тақозаси билан бир неча йиллардан бери Қўшма Штатларда, аниқроғи Чикаго шаҳрида яшайман.

Бу ерларда, яъни Америка Қўшма Штатларида турли миллат вакилларини учратасиз. Лекин Ўзбекистон ва ўзбеклар тўғрисида жуда кам кишилар билишади. “Ўзбекистонданман” десам Покистонми, деб сўрашади. Фикримча, бизнинг Ўзбекистонимиз Амеркаликлар учун ҳали янги мамлакат. Биз уларга ўзбек деган миллатни танитишимиз, танитганда ҳам фақат яхши таассурот қоллдиришимиз лозим, дэб ўйлайман. Менинг бу ердаги фаолиятим давомида ҳар доим мана шу нарса диққат марказимда туради.

Маълумки, бировга бирор яхшилик қилсангиз ҳам, ёмонлик қилсангиз ҳам ёдида қолади. Ва қизиқиб ўша одамнинг кимлиги суриштирилади. “Бирники мингга, мингники туманга” деган мақол бор. Ўзбеклар меҳнаткаш, очиқ кўнгил халқ. Жуда кўпчилик ватандошларимиз ўзларининг ижобий томонлари билан америкаликларга танилаётганликларига шубҳам йўқ.

Яқинда бир нохуш хабар эшитдим. Қайси бир штатда бир ўзбэк аёли касал-қарияга (Caregiver) қараш ишида экан. Шу уйда ёнғин содир бўлибди. Воқеадан биринчи бўлиб хабар топган ўзбек аёли барча оила аъзоларини уйғотибди. Ўзи эса ҳалиги касал қарияни қутқариш учун ҳаракат қилибди. Қолган оила аъзолари омон чиққан бўлсаларда, ҳалиги аёлнинг ўзи қаттиқ куйибди ва натижада оғир аҳволда шифохонага ётқизилибди. Ушбу хабарни эшитиб миллатдошимизга астойдил ачинган бўлсамда, иккинчи тарафдан ўзимда фахр туйғусини туйдим.

Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи ҳамюртларимизнинг салбий  қилмишлари ҳақида ҳам эшитиб қоламиз. Бир воқеани яқинда эшитдим. Америкадаги қайси бир корхонада бир нечта ўзбек ишлашар эканлар. Улардан бир-иккитаси ишга келишиб, кириш ва чиқиш вақтини қайд қилишар эканлар-у, ўртада яшириниб, ишламасдан ўтказишар эканлар. Ҳатто баъзи вақтлар келмай қолган бировларини ўрнига бошқалари келган-кетган вақтини киритиб қўйишар эканлар. Бундан хабар топган корхона маъмурияти уларни ишдан ҳайдабди. Натижада ўзбеклар ўртасида жанжал чиқибди. Бирови бошқасининг бошига темир билан урибди. Ниҳоя шундай бўлибдики, бирини тез ёрдам, иккинчисини полиция олиб кетибди. Корхона эгаси бундан кейин ўзбек бўлса, менга олиб келманглар, дебди.

Бошқа бир мисол. Бу воқеа Нью-Йоркда бўлган экан. Бир ўзбек қиз чақалоққа қарар экан. Чақалоқ нимагадир ҳар доим жимгина ухлаб ётар экан. Онаси бундан хавотирланиб боласини текширтирганда шу нарса маълум бўлибдики, ҳалиги энага қиз унга уйқу дори бериб қўяр экан.

Онда-сонда бўлсада миллатдошларимиз тўғрисида мана шунақа ёмон гапларни эшитганда хафа бўлиб кетасан, киши. Ҳатто ўзбекман, дейишга тилинг бормай қолади.

Ўйлаб-ўйлаб ушбу мавзуни “Ватандош” саҳифасига олиб чиқишни лозим топдим. Миллатдошларимиз ҳақида ҳар доим ижобий гапларни эшитсам, дейман. Токи ҳар биримиз бу ерларда “Биз ўзбеклармиз”, деб фахрланиб юрайлик. Шундай эмасми? Сизлар нима дейсизлар, азиз ватандошлар?

Олим Шарипов,

Чикаго шаҳри

SHARE