Америка генераллари Тошкентда малака оширишади

 АҚШ қуролли кучларининг янги тайинланган 17 нафар генерал ва адмираллари Ўзбекистонга ташриф буюришди. 12news.uz сайтининг АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига таяниб хабар беришича, ҳарбий офицерлар АҚШ миллий мудофаа университетининг беш ҳафталик “Кейпстоун” дастури доирасида ташриф буюришган.

Мазкур дастурга кўра, генерал ва адмираллар миллий хавфсизлик, ҳарбий стратегия, идоралараро алоқалар, шунингдек, асосий ҳамкор мамлакатлар билан ҳамкорлик жараёнларида қарор қабул қилишга таъсир кўрсатувчи  масалаларни муҳокама қилишади.

— “Кейпстоун” дастурининг барча тингловчилари АҚШ бирлашган ҳарбий қўмодонлиги билан ҳамкорлик қилаётган хорижий мамлакатларга ташриф буюришади, — деб таъкидлади АҚШ элчихонаси вакили. — Бу ташрифлар чоғида улар Америка элчилари, хорижий мамлакатлар юқори мартабалари амалдорлари, ҳарбий идоралари раҳбарлари билан мулоқотлар олиб боради. Америкалик генерал ва адмираллар ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари, шунингдек, мамлакатнинг ҳарбий ва тарихий институтлари экспертлари билан мулоқотлар олиб боришади.

SHARE