Ўзбекистонлик альпинистлар тоғ кўчкисига дуч келишди

Непаль тоғларида бир гуруҳ ўзбекистонликлар қор кўчкиси остида қолган. Улардан икки нафари ҳақида ахборот йўқ. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Фавқулодда ҳолат 7 октябрь куни юқори классдаги альпинизм бўйича очиқ жаҳон чемпионати вақтида юз берган. Ўзбекистон альпинистлар терма жамоаси бошқа жамоалар сингари Ҳимолайнинг 8 километрлик Аннапур чўққисини ошиб ўтишлари керак эди. Аммо ҳамюртларимиз тоққа кўтарилиши чоғида қор кўчкисига йўлиққан.

Ҳозирги кунда икки нафар альпинистимиз — Илёс Тухватуллин ҳамда Иван Лобановлар қидирилмоқда. Жамоанинг қолган аъзолари лагерда қўним топишган. Етакчи ўзбек альпинистлари шу йилнинг 20 сенятбрь куни мазкур чемпионатда иштирок этиш учун Непалга етиб келган бўлиб, жамоа раҳбари ҳозирда қидирилаётган Илёс Тухватуллиндир.

SHARE