Афсонавий Мишель Платини Тошкентга ташриф буюради

Европа футбол уюшмалари иттифоқи – УЕФА президенти Мишель Платини 11-12 октябрь кунлари Тошкентда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар тарқатди.

УЕФА президенти Мишель Платини 11 октябрь куни Тошкентга ташриф буюради. Куннинг иккинчи ярмида нуфузли меҳмон ЎФФ президенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан учрашади. Шунингдек, кун давомида “Пахтакор” ва янги қуриб битказилган “Бунёдкор” стадионларида меҳмон бўлади.

Ташриф давомида Европа футбол иттифоқи раҳбарига УЕФА Ижроқўми аъзоси Мариос Лефкаритис, УЕФА президенти маслаҳатчиси Паскаль Торрес, УЕФА президенти ёрдамчиси Моника Мхитарян ва Озарбойжон футбол федерациялари уюшмаси бош котиби Элхан Мамадов ҳамроҳлик қилади. Платини бошчилигидаги делегация 12 октябрь куни, куннинг биринчи ярмида Тошкентдан Туркманистон пойтахти – Ашхобод шаҳрига жўнаб кетади.

SHARE