Халит Эргенч – Султон Сулаймон: «Тошкент аҳолисининг бунчалик меҳмондўстлигини тасаввур қилмагандим»

8 октябр куни “Guli” кечаси бўлиб ўтганлиги муносабати билан Тошкентга ҳозирда кўпчилик қизиқиб томоша қилаётган “Мухташам аср” тарихий сериалининг бош қаҳрамони Султон Сулаймон – Халит Эргенч ташриф буюрди. Унинг ташрифи кўпчиликни қизиқтириб қўйганлигини ўтирганларнинг нигоҳидан сезиш қийин эмасди. У Guliнинг янги кашфиёти  GULI  VICTORIOUS эркаклар  ва GULI MYSTERIEUSE  аёллар атирлари премьерасида ҳам иштирок этди.

 “Муҳташам аср” сериали эфирга узатила бошлагандан буён турли танқидларга, шов-шувларга сабаб бўляпти. Халит, сиз бу борада нима дея оласиз?

— Аввало, биз ҳужжатли фильм эмас, сериал суратга оляпмиз. Мана шу нарсани сериал бошиданоқ ёдда тутиш лозим. Тўғри, сериалнинг кўпгина воқеалари ўйлаб топилган, бироқ яна кўп жойлари ҳақиқат эканлигини ҳам рад этолмаймиз. Ҳар бир саҳнани суратга олишда тарихий маълумотларни чуқур ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, сериалдаги воқеалар хронологик жиҳатдан тартибли кетяпти. Ҳар бир тарихий аҳамиятга эга бўлган жойларини бизга Эрхан Афионду билан Дениз Эсеменли маслаҳат беришяпти. “Муҳташам аср” сериали турк сериаллари орасида ўз ўрнига эга бўлиб улгурди ва шунинг учун ҳам турли танқидларга учраши табиий. Одамларни ҳар доим нимадир янгилик ва ўзига хослик безовта қилган. Мен бизнинг бу сериалимиздан сўнг яна кўплаб тарихий воқеаларга асосланган фильмлар, сериаллар, лойиҳалар юзага келишига ва улар “Муҳташам аср” сериалидаги хатоларни такрорламаслигига ишонаман. Биз ўзимизни тажрибачилар дея оламиз. Шунча танқидларга қарамасдан бу сериал бошқа лойиҳаларга асос бўлишини ўзи мени қувонтиради.

—  Шундай буюк тарихий шахсни ижро этиш қандай экан? Сулаймон ролини ижро этишда қандай қийинчиликларни енгиб ўтишингизга тўғри келди?

—  Энг қийини бугунги кунга қадар кўпчилик тарихий шахсларни ижро этилганлигида эди. Турли адабиётларда ва тарихий маълумотларда Султон Сулаймон ҳақида ўқиган бўлишимга қарамасдан у ўзини ҳаётда қандай тутганлигини, қандай гапирганлигини, ўз ҳис туйғуларни қандай бошқарганлигини, юриш-туришларини аниқ ҳеч ким билмасди. У бизнинг юракларимизда буюк шахс сифатида гавдаланарди, холос. Шунинг учун ҳам актёрларнинг елкасида жуда катта масъулият бор эди. Ахир одамларнинг тасаввурларини биргина ноўрин ҳаракат билан бузиб қўйиш мумкин эди-да. Бироқ буларнинг ҳамасини билиш учун манбалар жуда кам эди. Мен ҳам султон Сулаймон ва Усмонийлар империяси ҳақида жуда кўп китобларни ўқидим. Ана ўша китоблардан буюк империя султонини қандай ижро этиш кераклиги ҳақидаги маълумотларни олдим.

   Султон Сулаймондан ташқари Отатуркни ҳам ижро этган эканлигингиз бизга маълум. Улардан қай бирини ижро этиш сизга мураккаблик туғдирди?


—  Иккиланмасдан Сулаймон ролини ижро этиш дея оламан. Биринчидан, тарихий маълумотлар жуда кам. Отатуркни ижро этишимда айримларгагина кўриш учун рухсат бериладиган видео файлларни кўргандим. Менда унинг қандай ҳаракатланаётганлигини, қандай гаплашаётганлигини, сувни қандай ичиши, стол атрофида қандай ўтириши, ўзини қандай тутишини кўриш имкони бўлганди. Султон Сулаймонни эса мен фақатгина портретларини кўрганман. Отатуркда мени унга ўхшатиш учун соатлаб грим қилишарди. Сабаби бунда характерларини, қиёфасини аниқ ўхшатиш лозим эди. “Мухташам аср”да эса менга на гримм қилинди, на бирор аниқ бир чекловлар қўйилди. Сабаби сериал бадиий аҳамиятга эга эди. Энг мураккаблиги эса, айрим мабаларда Сулаймонни мовий кўз деб таъриф беришган бўлса, айримларида жигарранг кўз, деб айтишган эди. Шундан сўнг сериал режиссёрлари томошабин ҳақиқий одамни кўриши керак, гримм остидаги актёрни эмас, деган қарорга келишди.

—  Айрим танқидчилар сериалда ҳарамга жуда катта эътибор қаратилганлигини, Султон эса ахлоқсиз одам сифатида гавдаланиб қолганлигини айтишмоқда. 

—  Биз суратга олаётган ҳар бир саҳна Сулаймон даври бошқаруви учун оддий хол бўлган. Султон ҳокимиятни тутиб туриш учун шундай ишлар қилганки, бугунги кунда буни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Масалан, ўз ўғлини ўлимга ҳукм қилади ва уни ўлдирилиш жараёнида иштирок этади. Бизнинг даврда шундайлар борми? Тасаввурга сиғадими шу иш? Лекин ўша даврда бундай нарсаларни қабул қилишган. Бошқа тарихий манбаларда ҳам турли шоҳларнинг ҳарамида кўплаб канизаклари бўлганлигини, шоҳлар канизакларидан кўплаб болаларга эга бўлганлигини биламиз. Наҳотки, бугунги кунда шундай қилиб бўлса? Бу сериалда ҳам барибир Сулаймонни ахлоқсиз деб аташ ноўрин бўларди. Сабаби Сулаймон Ҳуррамни учратгандан сўнг фақатгина унга эътибор қаратади. Уларнинг муҳаббати жуда кучли эди. Аёлининг ўлимидан сўнг султон саройда олтин ва кумуш буюмлардан фойдаланишни, мусиқаларни чеклайди, хурсандчиликни тақиқлайди. Ўзини эса бутунлай динга бағишлайди. Ҳозир бу сериалнинг воқеаларини таҳлил этиб, бирор қарор чиқаришга жуда эрта. Сериал энди бошланди ваҳоланки, султон 46 йил умр кўрган.

—  Танқидларга аҳамият қаратиладими? Масалан, танқидлардан сўнг ҳарамга катта эътибор қаратиш бироз камайтириладими?

—  Йўқ, танқидлар лойиҳани бошқаришига йўл берилмайди.  Шу сериал устида ишлаётган гуруҳнинг ўз режаси бор. Яқинда одамлар бу сериалнинг асосий айтмоқчи бўлган фикрлари нимадан иборат эканлигини, бу сериал ортида нималарни намоён этмоқчи бўлганлигимизни билиб олишади.

— Сизнинг мухлисларингиз бу лойиҳадаги ролингизни қандай қабул қилишди?

—  Илгари мени “Минг бир кеча” сериалидаги қаҳрамоним номи билан Онуро деб аташарди. Энди эса тез-тез Султон деб чақиришяпти. Мен ҳар доим халқнинг фикрлари билан қизиққанман, у ҳоҳ мақтов, ҳоҳ танқид бўлсин. Баъзида “Мухташам аср” сериали ҳақида одамлардан ўзим қизиқиб сўрайман. Шу кунга қадар бирор салбий фикрни эшитмадим. Балки келажакда салбий фикрлар ҳам бўлар, бироқ мен бунга тайёрман.

— Айтишларига кўра сериал безаклари ва либосларига жуда катта маблағ сарфланган экан?

— Ҳа, бу рост. Суратга олиш ишларини бошлаш учун бутун бир майдонда ростакам қасрдек келадиган декорацияни қуришга тўғри келди. Бунга, албатта, анчагина маблағ сарф қилинди. Ахир гап бир бутун сериал ва тарихий воқеалар ҳақида кетмоқда. Бу ерда шунчаки тарихий сарой эмас, ундаги кичкинагина деталлар ҳам аҳамиятли. Ҳозирги кунда сериал бошланишида орзу қилган нарсаларимизни ҳам қуришга имкон бўляпти. Саройнинг мукаммал кўриниши ва қаҳрамонлар либосларига жуда катта аҳамият қаратилган бўлиб, бунинг учун қўлдан келган ҳамма ишларни амалга оширганмиз. Биз ҳатто декорациядаги айрим кичик деталлар борасида ҳам шунчаки олиб кадрга жойлаштириб қўя олмасдик. Буларнинг ҳаммасини амалга ошириш учун эса кам бўлмаган миқдордаги маблағ сарфланди.

— Ҳа, либсослар жуда чиройли ва жуда виқорли кўринишга эга. Аммо назаримизда уларда ҳаракатланиш бироз ноқулайдек туюлади. 

—  Ҳа, у либосларни шунчаки кийиб юриш мумкин эмас. Уларда ҳаракатланишни ҳам анча вақт мобайнида ўрганишимизга тўғри келди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, айрим либосларни кийганда ўз ўзидан шохона қадам ташлашга мажбур бўласиз.

— Сиз бу сериалдан ўзингизга нима олдингиз?

— Султон жуда буюк бўлган. Унинг турли соҳаларда иқтидорли бўлганлигини айтиб ўтишни истардим. У омадли жангчи, ажойиб шоир, қаттиққўл бошқарувчи… У отларни бошқариш борасида ҳам моҳир чавандоз бўлган. Шунингдек, қиличбозликда ҳам унга тенг келадигани бўлмаган. Мен шу сериалда суратга тушиш учун камондан ёй отишни, отда сайр қилишни, қиличбозликни ўргандим.

— Мерием Узерли (Ҳуррам) ҳақида нималар дея оласиз?

— Биз Ҳуррам ролига мос актрисани 8 ой давомида қидирганмиз. Охири бош қаҳрамонни ижро этадиган актрисани излашга мен ҳам шўнғиб кетдим. Биз бир неча актрисаларни тинглаб кўрдик, бир неча номзодлар пайдо бўлгандан сўнг эса уларнинг ҳар бири Султон билан бирга суратга тушириб кўрилди. Сулаймон билан уларнинг қай даражада бир-бирига мос тушишини кўришни истагандик. Мерием Узерли иқтидорли актриса. У туркияда тасодифан пайдо бўлганди, худди Сулаймонни ҳаётидаги каби. Биз айнан шундай натижани кутгандик. Агарда бирорта машҳур актрисани бу ролга олганимизда, балки Мерием каби ижро эта олмаган бўлармиди. Мерием иқтидорли бўлиш билан бирга, ўз ролини жуда яхши кўради.

— Тошкентга ташрифингиз сизда қандай таассуротлар қолдирди?

— Ростини айтсам, Тошкент аҳолисининг бунчалик меҳмондўстлигини тасаввур қилмагандим. “Guli” кечасида иштирок этишим, ўзимда ҳам катта таассурот қолдирди. GULI VICTORIOUS эркаклар атирлари премьерасида шахсан иштирок этганимдан эса бошим кўкка етди. Шунингдек, Googooshaнинг қўшиқларини ҳам тингладим. «Фонд Форум» ташкилотчиларидан миннатдорман. Хуллас, бир дунё тассуротлар билан Туркияга қайтаман.

ovoza.com

SHARE