Ўзбекистон Қатарни мағлуб этди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичидаги илк ғалабасини қўлга киритди. Қатар терма жамоасига қарши 5-тур сафар учрашувида Миржалол Қосимов шогирдлари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлишди.

Қатар терма жамоаси дарвозасига урилган ягона гол Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов ҳисобига ёзилди. Учрашувнинг 13-дақиқасида ўнг қанотдан, ҳимоячи Акмал Шораҳмедов томонидан узатилган тўп тўғри Турсуновга келиб тушди, иқтидорли ярим ҳимоячи эса тўпни тўхтатмасдан, ерлатиб, Қосим Бурҳон дарвозасига тўғрилаб қўйди.

Учрашувнинг қолган дақиқалари давомида ҳар иккала жамоа вакилларида ҳам қатор имкониятлар бўлганига қарамай, Турсуновнинг голи ўз ягоналигини сақлаб қолди. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров қатор вазиятларда ўз маҳоратини намойиш этиб, терма жамоа дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди. Умуман, ўйин давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиларида вазиятлар кўпроқ бўлди, бироқ улардан фойдаланишда, якуний зарбани беришда аниқлик етишмади.

Ушбу ғалабадан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоаси «А» саралаш гуруҳида 5-ўриндан 2-ўринга кўтарилиб олганди. Қатар – Ўзбекистон учрашувидан 2 соат ўтиб бошланган гуруҳнинг иккинчи ўйини – Эрон ва Жанубий Корея ўртасидаги баҳсда майдон эгалари кичик – 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Шу сабаб,Жанубий Корея ва Эроннинг очколари сони тенглашиб, гуруҳда қўшпешқадамлик қайд этилган бўлса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 5 очко билан гуруҳда 3-ўринни эгаллаб турибди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор Қатар терма жамоасини саралаш ўйинлари доирасида сафарда мағлуб этишга муваффақ бўлди. Санжар Турсунов эса терма жамоадаги кетма-кет тўртинчи ўйинида гол уришга муваффақ бўлмоқда. Фаолиятини Россиянинг «Алания» клубида давом эттираётган ўзбекистонлик футболчи бунгача Кувайт ва БААга қарши ўртоқлик учрашувларида, шунингдек, Жанубий Кореяга қарши ЖЧ-2014 саралаш ўйинида ҳам гол уришга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси саралаш босқичидаги навбатдаги учрашувни 14 ноябрь куни ўтказади. Шу куни Миржалол Қосимов шогирдлари Теҳрондаги «Озоди» стадионида Эрон миллий терма жамоаси меҳмони бўлишади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов Қатар билан ўйиндан сўнг ўз шогирдларига миннатдорчилик билдирди.

«Ҳозирча беш очкога эгамиз, лекин ҳали Эрон – Жанубий Корея ўйини натижасидан бехабармиз. Нима бўлган тақдирда ҳам, шу руҳда курашни давом эттирамиз. Кейинги ўйинларда ҳам бор кучимиз билан ҳаракат қилиб, очколаримиз сонини кўпайтириб боришга интиламиз», – деди Миржалол Қосимов.

«Учрашувнинг бошланиш вақти тезкор футбол кўришимизга ҳалал бериши ҳақида ўйинолди матбуот анжуманида ҳам айтиб ўтгандим, чунки ҳаво ҳароратининг иссиқлиги ўйинга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмасди. Шунинг учун ҳам бугунги ўйинда нафақат биз, балки майдон эгалари ҳам кўплаб хавфли вазиятларни ярата олишмади», – деди Ўзбекистон терма жамоаси устози.

«Умуман, шогирдларим ўйин олдидан берилган кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди, шунинг учун ҳам рақибда имкониятлар деярли бўлгани йўқ. Юзага келтирилган бир имкониятдан тўлиқ фойдаланиб, ғалабани қўлга киритганимиздан хурсандман. Бундай жазирамада жанговар ўйин кўрсатганликлари учун шогирдларимга миннатдорчилик билдиришни хоҳлайман», – деди ўзбекистонлик мутахассис.

«Биз сўнгги саралаш босқичини, ўйинимиз ёмон бўлмаса-да, натижа эътибори билан ёмон бошладик. Ўйинларда кўплаб вазиятларга эга бўлсак-да, сермаҳсуллик етишмади. Агар кейинги ўйинларда ҳам бугунгидек яратилган вазиятдан оқилона фойдалана олсак, ўйлайманки, мақсадимизга етамиз», – дея қўшимча қилди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов.

Қатар терма жамоаси бош мураббийи Пауло Аутуори Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ўйинда шогирдларининг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилганини маълум қилди.

 «Аввало, бугун стадионни тўлдириб ўтирган мухлисларга миннатдорчилик билдиришни истардим. Уларнинг қўллаб-қувватлаши биз учун муҳим аҳамиятга эга. Шогирдларим эса бугунги ўйинни эсдан чиқариб, кейинги ўйинларга эътибор қаратишларини хоҳлардим», – деди Пауло Аутуори.

«Терма жамоамиз футболчилари кўрсатган ўйиндан қониқиш ҳосил қилдим. Ўзбекистон терма жамоаси битта имкониятга эга бўлиб, ўша имкониятдан фойдаланиб қолди ва шунинг эвазига муваффақият қозонди», – деди Аутуори.

 «Бизда ҳали ҳам кейинги босқичга чиқиш имкониятлар бор. Олдинда ҳали тўртта ўйин бор. Биз охиригача курашишимиз керак», – дея қўшимча қилди бразилиялик мутахассис.

the-uff.com

SHARE