Сурия тақдири АҚШ президент сайловларидан кейин ҳал этиладими?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Араб давлатлари лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лахдар Браҳимий Сурия ҳукумати муқаддас Қурбон ҳайити кунлари турли қуролли хатти-ҳаракатлардан тийилишга рози бўлганини маълум қилган. У бу ҳақда Дамашққа сафаридан сўнг маълум қилган.

Айни чоғда Сурияда ҳукуматга қарши кураш олиб бораётган жангарилар ҳам бу сулҳга амал қилишларини қайд этишган. Бунинг учун улар ҳукумат кучлари қуролли ҳаракатлардан тийилишини талаб қилган. Махсус вакил сўзларига қараганда, жума куни бошланадиган тинчлик сулҳи — оташкесим тўрт кун давом этади. Бу Сурия инқирози бўйича сиёсий мулоқотларга туртки беришига умид қилишмоқда.

ББСнинг ёзишича, Лахдар Браҳимининг Сурияда қуролли ҳаракатларнинг вақтинча тўхтатилиши ҳақидаги баёноти жавобдан кўра саволларни кўпайтиради. Гарчи ҳукумат ва бир қанча мухолиф кучлар ўқ отишдан ўзларини тийишларини маълум қилган бўлса-да, бу тартибга амал қилишни истамайдиган бошқа жангари тўдалар ҳам борлигини унутмаслик лозим. Уларнинг якдил розилигини олишнинг иложи қарийб йўқ. Шуниси аниқки, Сурия ҳукумати учун бу оташкесим тадбири айни муддаодир.

Мухолифат вакиллари (тўғриси, уларни мухолиф деб аташга ҳали тўлиқ ҳуқуқий асос йўқ — “Ватандош” ) Сурия ҳукуматининг мазкур қарорига ишонқирамасдан қарамоқда. Чунончи, жангарилар армияси ҳарбий кенгаши бошлиғи Мустафо ал-Шайхнинг таъкидлашича, Сурия ҳукумати бундан аввал ҳам бир неча бор “ёлғон гапирган”.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида ҳам собиқ махсус вакил Кофи Аннан ташаббуси билан тинчлик сулҳига эришилган бўлса-да, орадан кўп ўтмай, бу тартиб бузилиб, жанглар кучайиб кетган эди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шу кунларда Сурияда ҳарбий тўқнашувлар изчил давом этмоқда. Чунончи, чоршанба куни 50 яқин киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқади.

Айни пайтда Суриядаги можарода жангарилар Ғарб давлатлари томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳақидаги ахборотлар борган сари кўпайиб бормоқда. Хусусан, Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Николай Макаров суриялик жангарилар хорижда, шу жумладан, АҚШда  ишлаб чиқарилган кўчма зенит ракеталари мажмуаси билан қуролланганини айтиб ўтди.

— Америкаликлар жангариларга ҳеч қандай қурол-яроғ етказиб бермаётганлигини бот-бот таъкидлаётган бўлса-да, бизда жангариларда хориж, чунончи, АҚШ кўчма зенит ракеталари мажмуаси борлиги хусусида аниқ маълумотлар бор , —  деди генерал Макаров. — Албатта, бу қуролларни ким етказиб бераётганлигини аниқлаш лозим.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шу йилнинг 17 октябрь куни бир қатор оммавий ахборот воситларида Америка Сурия жангариларига қурол-яроғ, хусусан, кўчма зенит ракеталари мажмуасини етказиб беришга қарор қабул қилганлиги хусусида ахборотлар пайдо бўлган эди. Аммо бу ахборот тасдиқланмади ҳам, инкор қилинмади ҳам. “Мен  бундай ахборотни тасдиқлаш ҳолатида эмасман”, деди АҚШ давлат департаменти вакили Виктория Нуланд.

Ўз навбатида, Россия Федерацияси Сурия ҳукуматига қурол-яроғ етказиб бераётганлиги хусусида хабарлар ҳам оммавий ахборотларини кезиб юрибди. Россия Сурияга қурол экспортини яширмасдан, бу халқаро ҳуқуқ қоидаларига зид эмаслигини таъкидлаб келади.

Бир қатор ҳарбий экспертларнинг фикрича, АҚШда президент сайловларининг бўлиб ўтиши билан Ғарб Сурия инқирозини ўз фойдасига ҳал қилишга уриниб кўради. Уларнинг айтишича, Обама ўз сайлов кампаниясига зарар етмаслик учун йил бошидан бу қалтис ишга қўл урмасдан келаётир. Аммо ноябрда президент сайловида ким — Обама ёки Ромни ғалаба қозонишидан қатъи назар Сурия халқаро ҳарбий ҳаракатларнинг навбатдаги ўчоғига айланиши эҳтимоли жуда юқоридир.