Туркия — Сурия можароси. Кўзга кўринмаган қасос ёки навбатдаги иғво

Ўтган ҳафта Туркиянинг  Сурия билан чегарадош Акчақалъа марказида Сурия томонидан ҳарбий снаряд келиб тушган ва 5 нафар киши ҳалок бўлган эди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ушбу воқеадан сўнг, мана беш кунки  Туркия ҳарбийлари Суриянинг чегарадош шаҳарларини артиллериядан ўққа тутишда давом этмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Сурия инқирози бошланганидан сўнг 18 ой ўтиб, илк маротаба Туркия томонидан бундай ишга қўл уриши кенг жамоатчиликда турли саволларни уйғотмоқда. Аввало, ушбу ҳаракат Сурия ҳукуматини халқаро миқёсда “ёмонотлиқ” қилиш, иғво орқали халқаро аралашувга эришишни кўзда тутаётган бўлиши мумкин.

Ўз навбатида, НАТО кенгашининг фавқулодда мажлиси чақирилиб, аъзо-давлатлар Суриянинг “хатти-ҳаракатини” халқаро ҳуқуқ бузилишининг яққол кўриниши сифатида қайд этишди.

НАТО тарқатган хабарда келтирилишича,  ташкилот Туркияни қўллаб-қувватлашда давом этади ва зудлик билан бундай ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақиради.

Ушбу масала юзасидан БМТ ва НАТО бош котиблари ҳам расмий баёнот билан чиқишди. Пан Ги Мун Сурия ҳукуматига қарата мурожаат қилиб, қўшни давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон эса тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини таассуф билан тилга олиб, бундай отишмаларни кескин қоралаган.

Сурия ҳукумати эса ҳалок бўлганлар оиласига ўз таъзиясини билдириб, Туркия қишлоғини ким ўққа тутганлигини аниқлаш мақсадида ўз терговини амалга оширишини маълум қилди.

Айни чоғда Сурия ҳукумати бундай саъй-ҳаракатлар замирида халқаро ҳамжамиятнинг Сурияда тўнтариш қилишга бўлган интилиши ётибди, деб бонг урмоқда. 

Бир гуруҳ экспертлар эса, бу портлаш воқеаси Туркия учун айни муддао бўлди. Чунки шу йилнинг 22 июнь куни Сурия ракетага қарши мудофаа тизими Туркия қуролли кучларига тегишли F-4 “Фантом” қирувчи-ракетасини ўз ҳаво кенгликларида уриб туширганини маълум қилган эди. Бу қайсидир маънода минтақада ўзини етакчи давлат сифатида кўраётган Туркия учун ҳақоратли ҳолат эди.

Ўшанда Туркия бош вазири Ражап Эрдоғон мамлакатда юқори ҳарбий тайёргарлик ҳолати эълон қилинганини маълум қилди. Унинг фикрича, агар Сурия ҳарбийлари Туркия билан чегарада қандайдир хатти-ҳаракат амалга оширадиган бўлса, у ҳарбий таҳдид сифатида қаралишини айтиб ўтган. Бундан аввалроқ Туркия БМТ Хавфсизлик кенгашига ўз ҳарбий ракетасининг уриб туширилиши минтақада хавфсизликка жиддий раҳна солишини таъкидлаб, огоҳлантириш юборган эди. Туркия ҳаво мудофаа кучлари ўз ракета ва артиллерия тизимларини Сурия билан чегарадош ҳудудларга жойлаштира бошлади.

Бу фактларнинг ўзи ҳам ушбу ҳодисани тўлиқ ўрганиш ва айбдор кимлигини аниқлаш масаласи шубҳа остига қўяди. Шундоқ ҳам, халқаро босимда қолган Суриянинг ҳудудий дахлсизлигига раҳна солиш, истиқболда ушбу ҳаракатлардан ҳақиқий уруш учун сабабни яратиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

SHARE