Тошкентда Ўзбекистон — Америка муносабатлари ғалвирдан ўтказилди

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 20 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, илмий тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари, эксперт ҳамда мутахассислар қатнашди.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган давлатлардан. Ўтган давр мобайнида икки давлат ўртасида бир неча бор олий ва юқори даражадаги ташрифлар уюштирилди ва ўзаро муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори яратилди.

Давра суҳбатидаги мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Америка ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ҳамда хавфсизликни таъминлаш соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва уни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида давлатлараро муносабатлар ўрнатиш жараёнига юксак баҳо бердилар. Ўзбекистон — АҚШ мулоқотининг изчил ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида 2002 йилда Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация имзоланганини қайд этиш жоиз. Ҳозирги кунда давлатларимиз ҳамкорлиги ушбу декларация қоидаларига мувофиқ конструктив ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳурмат қилиш тамойиллари асосида изчил тараққий этмоқда.

Давра суҳбатида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги алоқаларнинг устувор йўналишларини белгиловчи мазкур декларацияни амалга ошириш натижалари кўриб чиқилди, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол  мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар изчил ривожланаётганини қайд этди:
— Мамлакатларимиз ўртасида ўн йил аввал имзоланган декларация ҳукуматларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг барча асосий йўналишларини ўзида мужассам этган. Декларация турли соҳалар, жумладан, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда иқтисодий-ижтимоий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қиладиган  муҳим ҳужжатдир. Ўйлайманки, мазкур декларацияни амалга ошириш доирасида ҳамкорликда жуда кўп иш қилишга муваффақ бўлдик ва бу борадаги ишларимизни давом эттиришимиз зарур. Барак Обама президентлиги даврида декларация асосида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжат  мамлакатларимиз ўртасида ҳар йили маслаҳатлашувлар ўтказишни назарда тутади. Жорий йилнинг август ойида сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи давраси бўлиб ўтди. Бу жараён асносида ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш омилларини белгилаб олиш имкониятига эга бўламиз. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни тараққий эттириш учун жуда қулай муҳит мужассам.

Америкалик экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи мамлакат сифатида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Муҳокама чоғида терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тартибини ва чегаралар хавфсизлигини таъминлаш каби йўналишларда самарали амалий ҳамкорлик олиб борилаётгани қайд этилди.

Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорлик ҳамда қулай сармоявий муҳит савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги  ҳамкорликнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда америкалик инвесторлар иштирокида ташкил этилган 240 дан зиёд корхона рўйхатга олинган, мамлакатимизга киритилган тўғридан-тўғри АҚШ сармояси ҳажми эса 2 миллиард доллардан ошди.
Жорж Крол Ўзбекистонда ривожланишнинг катта истиқболларига эга улкан иқтисодий салоҳият мавжуд эканини ва бу америкалик сармоядорларнинг мамлакатимизда бизнес юритишга қизиқишини ошираётганини таъкидлади.
— Мен Ўзбекистонда 1997 — 2000 йиллар давомида АҚШнинг дипломатик миссияси раҳбари сифатида фаолият юритганман, — деди АҚШ элчиси Жозеф Пресел. — Ўзбекистон пойтахти 15 йил аввалгига нисбатан таниб бўлмас даражада ўзгарган. Шаҳар кўчалари тозалиги ва автомобиллар қатновининг кўпайгани билан эътиборни тортади. Бу аҳоли фаровонлигининг ошаётганидан далолатдир. Бугунги кунда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги муносабатлар фаол ривожланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида қарор топган ва изчил ривожланаётган ҳамкорлик улкан истиқболга эга, деб ўйлайман.

Давра суҳбатида Ўзбекистон иқтисодиётининг машинасозлик, металлни қайта ишлаш, энергетика, нефть ва газ қазиб олиш, кимё саноати, электр техникаси ва тоғ-кон саноати каби тармоқларига АҚШ  компанияларини жалб этиш ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларидан экани таъкидланди.
Икки мамлакат муносабатларида гуманитар ҳамкорлик, хусусан, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш каби соҳалар алоҳида аҳамиятга эга. Иштирокчиларнинг сўзларига кўра, икки давлат илмий тадқиқот ва таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро алоқаларни фаоллаштириш гуманитар ҳамкорликнинг устувор йўналиши бўлиши мумкин.

Элчи Жорж Кролнинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик нафақат давлатлараро алоқаларни ривожлантириш, балки халқларимиз ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, бу борада икки мамлакат фуқаролик жамияти институтлари ҳамда қонунчилик органлари ўртасида изчил ривожланиб бораётган самарали ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун фойдали эксперт майдони бўлиб хизмат қилувчи бундай тадбирларни мунтазам ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Батафсил ва конструктив баҳс-мунозаралар Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги муносабатларни стратегик ҳамкорлик руҳида янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

 Uza.uz

SHARE