2012 йилги сайловларнинг асосий ғолиб ва мағлублари

2012 йилда АҚШ президентлиги учун бўлиб ўтган сайловлар натижалари кўпчилик учун “сюрприз” бўлмаган эса-да, бу сайловлар мамлакатдаги сиёсий кучлар учун катта аҳамиятга эга воқелик бўлди. Бошқача айтганда, ушбу сайловларда ҳақиқатда нафақат икки сиёсий куч бир-бири билан мубоҳаса қилди, балки миллионлаб одамлар ҳам бу жараёндан қайсидир маънода ғолиб бўлиб чиқдилар.

Хўш, 2012 йилги сайловларда ким ютдию, яна ким ким ютқазди? Албатта, энг катта ғолиб, шубҳасиз, Барак Обамадир. Асосий мағлуб бўлган шахс — Митт Ромнидир.

Лекин бу жараённинг бошқа ғолиблари ҳам борлигини унутмаслик керак! Улар қуйидагилар:

Аёллар

Шуни айтиш керакки, аёллар жами сайловчиларнинг 53 фоизини ташкил этди. Уларнинг аксарияти Барак Обама учун овоз беришди. Қолаверса, аёл сиёсатчилар учун ҳам бу гал жуда муҳим имконият бўлди. Масалан, Сенатга тўрт нафар аёл демократлар партиясидан сайланган бўлса, Нью-Гемпширда эса штат янги губернатори ва икки нафар Вакиллар палатасига конгрессмен  сайланди.

Барак Обаманинг сайлов кампанияси жамоаси (Пиарменлар, имижмейкерлар, маслаҳатчилар)

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Обаманинг қайта сайланишида унинг сайловолди кампанияси улкан ишни бажарди. Гап шундаки, улар мамлакатда ишсизликнинг мана шундай юқори бўлиши шароитида ҳам Президентни қайта сайлашни уддалашди. Бундай кўрсаткичдаги ишсизлик билан АҚШ президентлари орасида Франклин Рузвельт кейинги муддатга сайланган эди. Қолаверса, пиарменлар мунтазам осиқ бўлган штатларда жиддий иш олиб боришди. Улар Флорида ва Виржиния сингари Обама ғалаба қозонишини тасаввур қилиб бўлмайдиган штатларга жуда катта маблағларни йўналтириб, имкони йўқ ишнинг уддасидан чиқишди.

Ёш сайловчилар

АҚШда социологлар мунтазам ёшларнинг сиёсий жараёнларда суст иштирок этишини танқид қилиб келишади. Аммо 2012 йилги сайловлар статистикаси шуни кўрсатдики, сайловчилар таркибида ёшлар салмоғи бирмунча ўсди. Хусусан, 18-29 ёш оралиғида сайловчилар жами овоз берувчилар орасида 19 фоизни ташкил этди. Бу 2008 йилда 18 фоизни ташкил этган эди. Эътиборли жиҳати, Барак Обама қўллаб-қувватловчилари орасида ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Чунончи, унинг кампанияси Митт Ромнига нисбатан 24 фоиз кўп ёшлар овозини йиға олган.

Демократик партиянинг Сенатга сайлов кампаниясини олиб борган жамоаси

Демократик партия Сенатда кўпчиликни ташкил қилиши барчага маълум. 6 ноябрда Сенатнинг учдан бир қисмига сайлов бўлиб ўтди. Демократлар нафақат Сенатдаги кўпчилик ўрнини сақлаб қолди, балки уни янада кўпайтириш имконига эга бўлди. Бу галги сайловларда демократлар қўшимча иккита Сенат жойига эга бўлди.

Иммигрантлар ва испан тилида сўзлашувчи сайловчилар

Сайловда фаол қатнашган аҳоли қатламларидан бири, шубҳасиз, испан тилида сўзлашувчилар бўлди. Чунки улар Обаманинг иммиграция сиёсатини қўллаб-қувватлаши билан бирга, республикачиларга жуда катта “сигнал” беришди. Сайловдан сўнг зудлик билан республикачилар партияси вакиллари партия ўзининг иммиграция бўйича позициясини қайта кўриб чиқиши кераклигини таъкидлашди.  Бундан кўриниб турибдики, республикачилар партияси Обама маъмуриятининг иммигрантларга енгиллик беришни кўзда тутадиган қонунларни қўллаб-қувватлаш эҳтимоли ошади.

Билл Клинтон

Демократик партия вакиллари орасида Барак Обама тенгма-тенг ўзини намоён этган ва Обамани қўллаб-қувватлаш, партиянинг яхши натижаларни қўлга киритишида Бубба (Билл Клинтон) муҳим роль ўйнади. Айниқса, у ёки бу партияни анъанавий қўллаб-қувватламайдиган штатларда унинг сайловчиларга таъсири жуда катта бўлди.  The Washington Post газетаси у 2016 йилги сайловларда мана шундай вазифани турмуш ўртоғи Ҳиллари Клинтон сайлов кампаниясида ҳам бажариши мумкин, деб ёзади. “Биз айтмаяпмиз, биз шунчаки айтаяпмиз”, деб хулоса қилади нашр.

2016 йилги президент сайлови

Обаманинг ғалаба қозонгани 2016 йилги сайлов жараёнларининг бошқа бир муҳитда, яъни икки томоннинг ҳам тенг ва янги руҳ билан сайлов кампаниясини олиб бориш имконини беради. Тарафлар қилинган ёки қилинмаган ишларни эмас, ўзлари илгари сурган янги ғояларни кўпроқ ҳимоя қилишади.

Мағлублар

Республикачилар партияси

Партия  жиддий йўқотишга учради, дейишдан йироқмиз. Аммо улар сайловда фақат оқ танли америкаликларга суяниб, ғалаба қозониш мушкуллашиб бораётганини тушунишди. Оқ танли америкаликларда ҳам партияга нисбатан бир қатор саволлар бор эди. Бизнингча, партия Митт Ромни номзоди билан ўз консерватив қарашларига янгича шукуҳ бера олмади. Партия етакчилари кейинги сайловларда иммиграция, жинсий камчилик, аборт масаласида якдил хулоса ва тўхтамга келиши керак бўлади.

Чой партияси

Tea-partyдан Конгрессга кўрсатилган номзодлар ўз олдиларига қўйилган вазифани уддалай олишмади. Албатта, республикачиларнинг мазкур қаноти кўпроқ популист эканлиги, аниқ мақсад ва дастурга эга эмаслигини кўрсатади.

Ташқи сиёсат

Гарчи оммавий ахборот воситалари Обаманинг ташқи сиёсатига кўп урғу берган бўлса-да, сайловчилар учун бу мавзу жиддий эмаслиги кўзга ташланди. Сайловларда қатнашганларнинг бор-йўғи беш фоизигина ташқи сиёсат улар учун ўта муҳим масала эканлигини қайд этишган.  Эътиборли жиҳати, Обама мана шундай гуруҳлар орасида Ромнини 20 фоиз кўп овоз билан ортда қолдирган.

Яҳудийлар

Маълумки, Барак Обама даврида Исроил ва Америка муносабатлари бирмунча таранглашди. Обама ҳатто яҳудийлар давлати 1967 йилги чегарага қайтиши керак деган, фикрни ўртага ташлади. Шунинг учун бўлса керак, Америка фуқаролигига эга бўлган исроилликларнинг 85 фоизи жорий йилги АҚШ президенти сайловида республикачилар партияси вакили Митт Ромнига ўз овозини берган.

SHARE