Европа Иттифоқи ташқи ишлар “вазири” Тошкентга келади

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Кэтрин Эштон  шу йилнинг 26-30 ноябрь кунлари Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюради. У бу ташриф доирасида Ўзбекистон, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонга боради.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар маҳкамаси нисбатан кейин шаклланган тузилмалардан бўлиб, у аъзо-давлатлар манфаатларини муҳофаза қилиш, уларнинг номидан иш кўриш билан шуғулланади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Европа ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарининг Марказий Осиё мамлакатларига уюштирадиган ташрифи Европа Иттифоқининг ушбу мамлакатлардаги фаолиятини янада ривожлантириш бўйича музокаралардан ташқари, Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳам қамраб олади.