Ҳиллари Клинтон Давлат департаментидан кетади

АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон қайта сайланган Барак Обама маъмуриятида ўз фаолиятини давом эттирмайди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаментининг расмий вакили Виктория Нуланд маълум қилган.

«Давлат котибининг режалари ўзгаргани йўқ. Сиз бир неча бор эшитгансиз, у ўз ўрнига келадиган меросхўрига ишга киришиш учун яқиндан ёрдам бериб, ўзини шахсий ҳаётига бағишламоқчи», деди у, жумладан.

Президент янги давлат котибини эълон қилиши керак бўлади. Ҳозирча ушбу лавозимга тайинланиш эҳтимоли юқори бўлганлар орасида Сенат халқаро алоқалар қўмитаси раиси Жон Кэрри ва АҚШнинг БМТдаги вакили Сьюзан Райслар номи тилга олинмоқда.

Виктория Нуланд АҚШ давлат котиби ким бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб бермаган бўлса-да, бу ҳақда Барак Обама яқин кунларда маълум қилишини айтиб ўтди.

Ҳиллари Клинтон Барак Обамага праймеризда қарши курашган, собиқ президент Билл Клинтоннинг турмуш ўртоғи бўлиб, унинг тўрт йиллик фаолияти жуда оғир кечди. Бу викиликс орқали  махфий ёзишмаларнинг жамоатчиликка ошкор бўлиши, Яқин Шарқ ва араб мамлакатларидаги инқилоблар, Россия ва Хитой билан тиғиз ва танг муносабатлар, Ливияда АҚШ элчисининг ўлдириб кетилиши — буларнинг барчасига у катта матонат билан бардош берди.

Ҳиллари Клинтон хоним ўзбекистонликларга жуда яхши таниш бўлиб, у Ўзбекистонга биринчи хоним сифатида бир марта, АҚШ давлат котиби сифатида икки марта ташриф буюрган. Икки томонлама алоқаларга катта ҳисса қўшган дипломатлардан.

Мутахассислар фикрича, у 2016 йилда демократлардан АҚШ президентлиги учун муносиб номзодлардан бири бўлиши мумкин.

SHARE