Инсофли ҳайдовчи

Сингапурда такси ҳайдовчиси йўловчиларга — таиландлик эр-хотинга машинада қолдирилган пулларини қайтарган. Ёддан чиқарилган халтада бир миллион (тахминан 900 минг АҚШ доллари) Сингапур долларидан ортиқ нақд пул бўлган, деб хабар беради Франс пресс агентлиги.

Такси ҳайдовчисининг айтишича, у пул тўла халтани йўловчиларни савдо марказида қолдирганидан сўнг топган. Шу заҳотиёқ ўзи ишлаётган транспорт компанияси офисига бориб, воқеадан раҳбариятни хабардор этган. Орадан кўп ўтмай тарвузи қўлтиғидан тушган сайёҳлар транспорт компаниясига мурожаат этишади. Орадан бир неча соат ўтиб улар компания офисида таксичидан пулни қабул қилиб олишган. Албатта, ҳайдовчини суюнчи пулисиз қолдиришгани йўқ.

Агентликнинг маълум қилишича, бир миллион Сингапур доллари маҳаллий таксида эсдан чиқиб қолдирилган энг йирик суммадир. 2009 йилда ҳам Сингапурда шундай ҳодиса рўй берган. Ўшанда ҳам таксичи беш килограмм олтинни ҳардамҳаёл йўловчига қайтариб берганди.