Миллиардерлар “Орзу қонуни”ни қабул қилиш тарафдори

Center for American Progress ташкилоти америкалик миллиардерлар Майкл Блумберг ҳамда Руперт Мурдок томонидан таъсис этилган Partnership for a New American Economy ташкилоти иштирокида таҳлил ўтказди. Ушбу таҳлилда бундан 11 йил муқаддам сенатор-демократ Дик Дурбин ҳамда унинг ҳамкасб республикачилар партияси вакили Оррин Хатч томонидан ишлаб чиқилган ва Конгрессга тақдим қилинган Dream Act, яъни “орзу қонуни”ни қабул қилиш билан боғлиқ омиллар кўрсатиб ўтилади.

Маълумки, Обама томонидан ҳам қўллаб-қувватланган, аммо Конгресс томонидан рад қилинган мазкур қонун лойиҳаси Америкага келиб қолган ноқонуний иммигрантлар фарзандларига қонуний мақом беришни кўзда тутади. Яна бир жиҳат ҳам борки, ушбу экспертлар томонидан тайёрланган хулосалар нафақат либераллар томонидан, балки NewsCorp компанияси эгаси, The Wall Street Journal, The New York Post сингари консерватив газеталар ношири, иммиграция масалаларида ўзининг ўнг қарашларини яширмайдиган Руперт Мурдок томонидан қўллаб-қувватлангани эътиборга моликдир.

Маълумки, Обама маъмурияти шу йилнинг 15 сентябридан ноқонуний иммигрантлар фарзандларини депортация қилишни икки йилга тўхтатиб, уларга қўшимча имкониятлар яратиб берди. Аммо Center for American Progress бу қонун лойиҳаси нафақат ноқонуний иммигрантларга, балки АҚШ иқтисодиёти учун ҳам ўта долзарб аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири эканлигини қайд этишади.

Хусусан, мана шу гуруҳга олий маълумот олиш ҳамда ишга жойлашиш имкониятининг яратиб берилиши Америка ғазнасига сўнгги йигирма йил давомида 329 миллиард доллар келтиради. Айнан мана шу қонуннинг қабул қилиниши натижасида Америка меҳнат бозорида қўшимча 1,4 миллионта иш ўрни пайдо бўлади.

Мазкур ташкилот, шунингдек, иммиграция билан бевосита боғлиқ яна бир қатор қонун ҳужжатларини қабул қилиш керак, деган хулосага келган. Уларнинг фикрича, бу математика, физика, химия, биология, янги технологиялар соҳасида таҳсил оладиган талабаларнинг Америка ташриф буюришини рағбатлантиради.

“— Мазкур ҳисобот Америка иқтисодиётига иммигрантларнинг улкан таъсири борлигини тасдиқловчи назарий тасдиқдир, — деди Блумберг. — Бошқа мамлакатлардаги юксак билимли ёшлар Американинг дунёда барча соҳаларда ўз етакчилигини сақлаб қолиши учун айни заруратдир”.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Америкадаги олий таълим муассасаларини тамомлаган талабалар, ёш олимларга грин-картани бирмунча соддалаштирилган тартибда  тақдим этиш бўйича ташаббус илгари сурилган бўлиб, бундай ҳужжат STEM Bill деб ном олган. Бу ҳужжатни вакиллар палатасининг юридик қўмитаси раҳбари Ламар Смит ишлаб чиққан бўлиб, унга кўра, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатга 55 минг нафардан ортиқ мутахассис ва профессионалларни жалб қилиш имконини беради. Эътиборли жиҳати, ноқонуний иммигрантларга қарши жиддий чоралар кўриш тарафдори бўлган Митт Ромни ҳам Смит ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Ушбу лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундаки, Смит амалдаги грин-карта лотереясини бекор қилишни кўзда тутади.

Сенатор Чарльз Шумер ва конгресмен Зои Лофгрен томонидан ишлаб чиқилган BRAIN Act қонуни лойиҳаси чет эллик мутахассис ва профессионалларга тақдим этиладиган грин-карталар сонини икки йилда 100 минг нафарга кўпайтиришни кўзда тутади. Смит қонунидан фарқли ўлароқ, ушбу ҳужжат амалдаги грин-карта лойиҳасини бекор қилишни назарда тутмайди.

Crain’s New York Businessдаги мақолада қайд этилишича, Америка иммиграция сиёсатини янада такомиллаштириши керак. Чунки кўплаб иқтидорли талабалар АҚШда олий таълимни олгач, қолиш имконияти чеклангани боис ўқиш учун бошқа минтақаларни танлашга мажбур бўлишади. Масалан, Нью-Йорк бизнес ва ҳукуматнинг саъй-ҳаракати билан кўпчилик учун имкониятлар шаҳрига айланди. Афсуски, амалдаги иммиграция қонунчилиги бу имкониятларни қарийб йўққа чиқармоқда. Айниқса, кўплаб инновацион компаниялар ўз кадрлар базасини мустаҳкамлашда жиддий муаммоларга дуч келишмоқда. Биргина Tumblr компанияси ўзига сув ва ҳаводек зарур бўлган мутахассисга визани расмийлаштиргунча 9 ой ўтиб кетади.

Нима бўлганда ҳам, Америкада сиёсий доираларида иммиграция масаласида яқин келажакда бир қатор ўзгаришлари юз бериши турган гап.

SHARE