Нью-Йоркда чайқовчиларга қарши суриштирув ишлари бошланди

Нью-Йорк бош прокурори Sandy тўфонидан кейин зарур маҳсулотлар нархлари кескин кўтарилгани ҳақидаги шикоятлар бўйича суриштирув жараёнларини бошлаб юборган.

Эрик Шнайдерманнинг қайд этишича, Нью-Йорк аҳолиси асосан ёнилғи маҳсулотлари нархи кескин кўтарилиб кетганидан шикоят қилишган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Нью-Йорк ва Нью-Жерсида 1,4 миллионтадан ортиқ уй ва бизнес иншоотлари ҳали ҳам электр таъминотига эга эмас.

Айни чоғда тўфон оқибатида жиддий зарур кўрган юзлаб сайлов участкалари ёпилган. Нью-Йоркда яшовчи сайловчилар ўзлари хоҳлаган сайлов участкасида овоз беришлари мумкин. Бу ҳақда штат губернатори Эндрю Куамо махсус буйруқ чиқарган.

Боз устига ҳаво ҳарортининг тушиб кетаётгани ҳам вазиятни мушкуллаштирмоқда. Шу боис Нью-Йорк шаҳар мэри Майкл Блумберг шаҳар аҳолиси, айниқса, қарияларни имкон қадар шелтерлар (вақтинчалик тунаш жойлари)да жойлашишга чақирмоқда. Аввалига у шаҳарда 30-40 минг нафар атрофида шелтер хизматидан фойдаланишга эҳтиёжмандлигини айтган бўлса-да, кеча бу рақам 10 минг атрофида бўлишини таъкидлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, сешанба эрта тонгдан Жерси Сити ва Манхэттен ўртасида чекланган поезд қатнови йўлга қўйилиши мумкин.

Кеча “Ватандош” ёзганидек, Нью-Йорк ва Нью-Жерсида зарур маҳсулотлар ва ёнилғи тақчиллиги ҳали ҳам давом этмоқда. Ҳар бир ёнилғи қўйиш шохобчасида турли идишларда бензинга навбат кутаётган одамлар ва машиналар қатори кўпайиб кетди.

Майкл Блумберг барча ёнилғи қўйиш шохобчаларида полиция назорат ўрнатишини айтган.

Нью-Йорк бош прокурорининг айтишича, одамлар фавқулодда зарур маҳсулотлар ва воситалар, чунончи, генератор, меҳмонхоналар, шунингдек, озиқ-овқат ва ичимлик суви нархларида кескин ўзгаришлар юз берган.

Шу билан бирга, чоршанба куни Нью-Йоркда ноқулай об-ҳаво шароити бўлиши кутилмоқда.

 

SHARE