Райҳон ва Йигиталининг никоҳ тўйидан (фоторепортаж)

16 ноябр куни “Версал” ресторанида хонанда Райҳон ва Йигиталининг узоқ ва интиқлик билан кутилган висол оқшоми бўлиб ўтди. Тўйнинг шов-шуви шу даражада тарқалган эканки, тўйхонанинг атрофидаги тумонат одамни кўриб, ташриф буюрган ҳар бир меҳмоннинг кўнглидан “Ичкарига қандай кириб олар эканман”, деган ҳаёл ўтган бўлса ажабмас. Чунки машина йўлидан бошланган бу тирбандлик ресторан эшигигача етиб борганди…

Шунча оламон ичида туриб, хонанда Карен Ғофуржонов тўйхонада ўтирган меҳмонлар учун жонли репортаж олиб борди. Тўйхонага секин-аста ташриф буюраётган меҳмонларни эса миллий либосда кийинган қизлар ўз жойига кузатиб қўярди.

Ресторан фойесидаги Райҳон ва Йигиталининг миллий либосда тушган расмидан қилинган катта банер ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Келин ва куёвнинг тўйхонага ташрифи ноанъанавий тарзда бўлди. Маниторда ҳар хил мамлакатлар тўй маросимидаги келин-куёвнинг кулгули лавҳалари намойиш этилгач, тўйхонага фаришта тимсолидаги қизалоқлар Райҳоннинг “Бахтли бўламан” қўшиғи остида ташриф буюрди. Сўнг келин-куёвни Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров “Келибди” қўшиғи билан кутиб олди. Райҳон бироз аввал кўчада бўлган нохуш вазият туфайли кўзига ёш олганини беркитишга ҳаракат қилиб, ним табассум билан ўтирганларга келин салом улашди.
Райҳонни йиғлатган нохуш вазият
Эшик ёнига яқинлашганда Йигитали Райҳонни кўтариб тўйхонага олиб кираётган чоғида йиғилган оламоннинг уларга талпиниши натижасида Райҳоннинг чап қўлига шикаст етди. Ичкарига киргач эса Райҳон оғриқдан кўзига ёш олиб, бироз ўзига келиб олиш учун эшик олдида туриб қолди. Хонанданинг бахти олдида бу нохуш вазият арзимаган нарса, холос.
Тўйни “TV M” бошловчилари Райҳон Уласенова, Ойхон, Жаҳонгир Мирзо, Даврон Қобулов ва Нилуфар Сотиболдиева, Нигора Каримбоева, Рихситилла Абдуллаев галма-галдан олиб боришди. Карнай-сурнай садоларидан сўнг тўйнинг бадиий қисмини Юлдуз Усмонова яхшигина қиздирди. Райҳон ва Йигитали ҳам жойларида ўтиролмай, рақс тушаётган ҳамкасбларига шерик бўлишди. Юлдуз Усмонова даврага қизи Нилуфар Усмоновани чорлаб, бирга дуэт қўшиқ ҳам куйлашди. Нилуфарнинг шўх-шўх қўшиқларидан сўнг чироқлар ўчиб, тўйхонага Клеопатра либосидаги раққосалар кириб келиб, меҳмонлар эътиборини тортишга муваффақ бўлишди. Ажойиб рақсдан кейин Абдухошим Исмоиловнинг чунонам берилиб чалган мусиқасига Зулайҳо Бойхонова ҳам тебра-тебрана кўшиқ куйлашни бошлади. Улар саҳнани бўшатгач эса келин-куёвнинг севги тарихи туширилган видео ҳавола этилди. Мазкур тўй рақслар гулдастасига бой бўлди. “Сабо” ансамблининг раққосалари бир неча бор рақслари билан йиғилганларни хушнуд этишди. “Наврўз” ансамбли раҳбари Зарина Аҳмедова ижросидаги арабча рақсдан сўнг навбат келин ва куёвнинг илк муҳаббат ҳамда бахт рақсларига берилди.

Тўйни нафақат раққосалар балки, энг фаол жуфтлик Ҳалима Ибрагимова ва Улуғбек Қодиров ҳам қиздирди. Улар ижросидаги кавказча рақсни меҳмонлар тик оёқда туриб тамоша қилишди.
Кечанинг кулминацион нуқтаси эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Ҳолиқов ва Фонд Форум васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг бир жуфт дуэти бўлди. Гулнора Каримова икки ёшга Франциядан келтирилган “Guli” брендидаги атирларни ҳадя қилди.

Гул отиш маросимида эса келиннинг гулдастаси Райҳоннинг синглисига насиб қилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева келинсаломни айтиб бўлгач, таблага Райҳон рақс тушди. Йигиталининг онаси ҳамда Шаҳноза Ғаниеванинг турмуш ўртоғи дуо билан келин ва куёвга жавоб беришди. Қисқа қилиб айтганда мазкур юлдузли тўй жуда тартибли ва чиройли ўтди. Райҳон ва Йигиталининг БАХТига кўз тегмасин!

Келин-куёвни табриклаш бахти кимларга насиб этди?
Тўйда хонандалар кўп бўлсада, ҳаммаларига ҳам қўшиқ куйлаб, келин ва куёвни табриклаш насиб қилмади. Бу имкониятни қўлга киритганлар эса Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, хонандалар Улуғбек Раҳматуллаев, Даврон Эргашев, Мавлуда Асалхўжаева, Сардор Раҳимхон, Зиёда, Жаҳонгир Позилжонов, Иззат Ибрагимов, Шоҳруххон, Манзура, “Аъло” гуруҳи, Рашид Ҳолиқов, актриса Райҳон Уласенованинг оилавий ансамбли, Севара Назархон, Шаҳноз бўлди.

Тўйга ташриф буюрган меҳмонлар
Муножат Йўлчиева, Фаррух Зокиров, Юлдуз Ибрагимовна, Озодбек Назарбеков, Иззат Ибрагимов, Рашид Ҳолиқов, Севара Назархон, Согдиана, Зулайҳо Бойхонова, Абдухошим Исмоилов, Самандар, Сардор Раҳимхон, Улуғбек Раҳматуллаев, Нилуфар Усмонова, Манзура, Лола, Муниса Ризаева, Даврон Эргашев, Ойбек ва Нигора, Зиёда, Жахонгир Позилжонов, сўз усталари Ҳалима Ибрагимова, Шукрулло Исроилов, актрёлар Нозим Тўлахўжаев, Рустам Сагдуллаев, Мурод Ражабов, Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, клипмейкерлар Мирмақсуд Охунов, Рустам Муродов, Ёдгор Носиров, Жасур Шаметов, Наримон Султонхўжаев ва бошқалар.
Манба: darakchi.uz