“Сэнди”нинг ижобий тарафлари ҳам бор экан

Америкалик иқтисодчилар “Сэнди” тўфони мамлакатга фақатгина зиён келтирди, деб ҳисоблашмаяпти. Чунончи, Economic Outlook Group тадқиқот гуруҳи ўтказган таҳлилларга кўра, ҳукумат ва аҳолининг тўфондан кейин харажатларни кўпайтириши мамлакат иқтисодиётига қўшимча 140-240 миллиард доллар фойда келтиради.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, тўфондан кейин тикланиш ишларига сарфланадиган харажатлар АҚШ ялпи ички маҳсулотида ўсиш кўрсаткичларини яна 0,5 фоиз ошириш имконини беради.  Бундан аввалроқ Мэриленд университети профессори Питер Моричи “Сэнди” иқтисодиётга қўшимча 36 миллиард доллар келтириши мумкин, деб қайд этган.

Economic Outlook Group таҳлилчилари тўфон келтирган зарар миқдорини 50 миллиард доллар атрофида баҳолашган. Бу бундан олдин қилинган прогнозларга мос келади.

Иқтисодий таҳлилчилар ҳисоб-китобига қараганда, ҳукумат ва аҳоли нафақат тиклаш ишларига маблағ сарфлашади, балки уй-жойлар ва инфратузилма иншоотларини мустаҳкамлашга ҳам харажатларни кўпайтиришади. Айни чоғда қурилиш материалларига талабнинг кескин ошиши натижасида махсус савдо дўконлари ва цехларда қўшимча иш ўринлари пайдо бўлади. Бу ҳам, шубҳасиз, ЯИМда ўз аксини топади.

Худди шундай прогнозни Goldman Sachs банки ҳам ўз мижозларига юборган. Банк таҳлилларига қараганда, 2012 йилнинг тўртинчи чорагида ЯИМ 0,25-0,5 фоиз пасайиши мумкин. Асосий тиклаш ва таъмирлаш ишлари янги йилнинг биринчи чорагида бошланиши боис  2013 йилда ЯИМ қўшимча 0,5 фоизга ортади.

Эслатиб ўтиш жоизки, “Сэнди” тўфони оқибатида АҚШда 110 нафар киши қурбон бўлиб, миллионлаб хонадонлар вайрон бўлди.