Тожикистонликлар иккинчи марта Facebookсиз қолишди

Тожикистонда дунёга машҳур Facebook ижтимоий тармоғи республика ҳукумати ҳузуридаги Алоқа хизматининг буйруғи билан ёпиб қўйилган. “Соҳадаги фаолиятни тартибга солиш ваколатига эга органнинг норасмий буйруғи бизга СМС-хабар тарзида келган”, деб хабар беради Марказий Осиё янгиликлар портали маҳаллий провайдерлар вакиллари сўзларига таяниб.

Тожикистон интернет-провайдерлар уюшмаси ҳақиқатда ҳам шундай чеклов борлигини тасдиқлаган. Ҳозирча бу борада расмий хат олинмаган. Ҳозирда тожикистонликлар Facebookдаги ўз саҳифасидан фойдаланиш учун прокси-серверларни ишлатишмоқда.

Бу Тожикистон ҳукуматининг Facebookни ёпиш бўйича иккинчи уриниши бўлиб, биринчи марта жорий йил мартида ҳам шундай ҳаракат амалга оширилган эди. Бу чеклов орадан ўн кун ўтиб олиб ташланган эди.

Socialbakers сайти маълумотларига қараганда, Тожикистонда 41 минг нафардан ортиқ Facebook фойдаланувчилари бўлиб, бу кўрсаткич сўнгги олти ой ичида 25,6 фоизга ўсган.

SHARE