Ўзбекистон аҳолиси ўттиз миллионга етай деб қолди

    Ўзбекистон аҳолиси сони 2012 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра 29,875 миллион кишига етган. Йил бошидан бери аҳоли сони 319,2 минг кишига ёки 1,1 фоизга кўпайган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига асосланиб, Kun.uz хабар беради.

    Шаҳар нуфуси 15,269 миллион кишига тенг бўлса, қишлоқ аҳолиси сони 14,605 миллион кишини ташкил этмоқда. Яъни мамлакат аҳолисининг 51,1 фоизи шаҳарларда, 48,9 фоизи қишлоқларда истиқомат қилмоқда.

    2012 йилнинг январь-сентябрь ойларида туғилиш даражаси 20,4 промиллени ташкил этган. Бу ўтган йилнинг худди шу давридаги кўрсаткич (20,6 промилле)дан 0,2 фоизга кам. Айни вақтда, 2012 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида ўлим даражаси 4,7 фоизга тенг бўлган, бу ўтган йилнинг худди шу давридаги кўрсаткичдан (4,6 промилле) 0,1 фоизга кўпроқ, демак.

    2012 йилнинг январь-сентябрь ойлари оралиғида ФҲДЁ органлари томонидан 189,3 минг никоҳ ва 13,9 мингта ажралишлар қайд этилган. Никоҳлар сони ўтган йилнинг худди шу давридаги кўрсаткичдан 0,1 фоизга кам бўлса, ажралишлар даражасида ўзгариш сезилмаган.

    Дастлабки маълумотларга кўра, 2012 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида Ўзбекистонга 127,9 минг киши келган, 157,8 минг киши мамлакатни тарк этган. Ўз навбатида, миграция сальдоси манфий кўрсаткич 29,9 минг кишини ташкил этган. Ўтган йилнинг худди шу даврида мамлакатни тарк этганлар сони Ўзбекистонга келганлар сонидан 40,8 мингтага кўп эди.

    SHARE