Ўзбекистон муфтийси жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони қаторидан ўрин олди

Жаҳоннинг энг обрўли мусулмонларининг янги 500талик рўйхати эълон қилинди. 2012 йилги рейтингдан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раҳбари, муфтий Усмонхон Алимов ўрин олган. Алимов рейтингнинг «Диний ишларни бошқариш» туркумидан жой олган.

Kun.uz сайтида ёзилишича, Усмонхон Алимов “2006 йилдан бери Ўзбекистон муфтийси ҳисобланади. У ўзининг мўътадил нуқтаи назарлари ва Самарқанд вилоятига муфтийлик қилган давридаги ақидапарастларга қарши самарали кураши сабаб ҳурмат қозонган». «The Muslim 500»да ёзилишича, Усмонхон Алимов 2007 йилда Ўзбекистон пойтахти – Тошкент шаҳри Ислом Маданияти пойтахти деб топилишида муҳим роль ўйнаган.

Жаҳоннинг энг эътиборли мусулмонларининг 500талик рўйхати 2009 йилдан бери Иордания Қироллик стратегик ислом таълими маркази томонидан тузиб келинади. Муфтий Усмонхон Алимов 2009 йилдан бери рейтингдан мунтазам ўрин олиб келади.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси расмий сайти маълумотларига кўра, Усмонхон Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилоятида туғилган бўлиб, 1982-83 йилларда Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида, 1983-87 йилларда эса Тошкент ислом институтида, 1989-90 йилларда Марокашдаги «Каравайин» университетида таҳсил олган. 1987-2000 йиллар давомида Пайариқ туманидаги «Имом Бухорий» масжидида имом-хатиб, 2000 йилдан эса Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Самарқанддаги бош вакили вазифасида фаолият олиб борган. 2006 йил 8 август куни эса Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланган.

Алимовдан ташқари, жаҳоннинг энг эътиборли мусулмонларининг 500талик рейтингидан фақат битта ўзбекистонлик ўрин олган. 2009 йилги илк рейтингда Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Олимлар» туркумидан ўрин олганди. «У Ўрта Осиё Мусулмонлар идорасининг собиқ Бош муфтийси ва Ўзбекистонннинг мустақиллик давридаги биринчи Муфтийси ҳисобланади. У бутун Ўрта Осиё ва Россиядаги энг машҳур Ислом ёзувчиларидан биридир. У Ливияда таҳсил олган бўлиб, Қуръони Каримга жуда ҳам машҳур тафсир ёзган», – дейилади 2009 йилги рейтинг-нашрда.

SHARE