Ўзбекистон парламенти мактабгача таълим муассасалари фаолиятидан қониқмади

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси халқ таълими вазирининг болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб этишнинг ҳолати ахбороти эшитган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайти хабар беради.

    Парламент эшитувида келтирилишича, республикада давлатга қарашли 4978 та мактабгача таълим муассасаларига 539065 нафар бола қамраб олинган. Мавжуд муассасаларда 52515 нафар педагог-тарбиячи меҳнат қилмоқда.

    Ҳар йили таълим соҳасига ажратилаётган маблағларнинг 10 фоизи мактабгача таълим муассасалари таъминотига йўналтирилмоқда. 2012 йилнинг 1 ярим йиллигида йўналтирилган маблағ 343,9 млрд сўмни ташкил этади.

    Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасаларига 2-7 ёшгача бўлган болаларнинг қамраб олиниши Қашқадарё вилоятида 11,4 фоизни, Сурхондарё вилоятида 11 фоизни, Хоразм вилоятида 15,8 фоизни, Республика бўйича эса атиги 22,7 фоизни ташкил этмоқда.

    Айрим ҳудудлардаги мактабгача таълим муассаларининг моддий-техника базаси талабга жавоб бермайди, кадрлар малакаси етарли эмас. Жойларда махсус маълумотга эга бўлган кадрларнинг етишмаслиги натижасида нуқсони бўлган болалар учун махсус мактабгача таълим муассасалари етарли даражада ташкил этилмаган.

    Жойларда “Қисқа муддатли гуруҳлар тўғрисида”ги низомга асосан мактабгача таълим муассасаларига қатнамайдиган болалар учун қисқа муддатли гуруҳларни, нуқсонли болаларнинг сурункали касалликлар тоифаси асосида ихтисослаштирилган ва санаторий йўналишидаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш масалаларига етарли даражада эътибор берилмаётир.

    Депутатлар халқ таълими вазирига вазиятни яхшилаш юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурлигини таъкидладилар.

    SHARE