Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси – жаҳон чемпионатида!

11 ноябрь куни БААда давом этаётган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати чорак финал ўйинлари старт олди. Энг биринчи бўлиб Ўзбекистон ва Сурия терма жамоалари ўртасидаги ўйин ўтказилди.

Ўйин олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев «Сурия терма жамоаси ўз кучини гуруҳ босқичидаёқ кўрсатиб бўлгани, унга қарши ўйин осон бўлмаслиги, бироқ шогирдлари бўлажак баҳсга тайёр» эканликларини билдирган бўлса, Сурия ёшлар терма жамоаси устози Муҳаммад Жума Ўзбекистонни мусобақа ғолиблигига «асосий даъвогар» деб атаб, «шогирдлари Ўзбекистонга қарши ўйинда имкониятни бой берса ҳам, чиройли ўйин билан мухлисларни хурсанд қилишга» ваъда берганди.

Сурия терма жамоаси гуруҳ босқичини барқарор ўтказа олмади, шунга қарамай, гуруҳ босқичидаги бирор марта мағлубиятга учрамаган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидан фарқли ўлароқ, муддатидан аввал чорак финал босқичи йўлланмасини қўлга киритган эди. Жумладан, Сурия ёшлар терма жамоаси мусобақани Саудия Арабистонига қарши 5:1 ҳисобидаги ғалаба билан бошлаб, 1-тур баҳсларининг ўзига хос сенсациясини келтириб чиқаришганди. Ўзбекистонлик ҳакам – Равшан Эрматов бошқариб борган Австралияга қарши иккинчи ўйинда Муҳаммад Жума шогирдлари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, биринчилардан бўлиб чорак финалга йўл олишди. Қатарга қарши сўнгги тур ўйинида эса, Муҳаммад Жуманинг фикрича, «шогирдлари рақибни менсимаганлиги сабаб», имконият бой берилди, бироқ бу натижа плей-оффда Ўзбекистонга рақиблик қилишга заррача ҳам ҳалал бергани йўқ.

Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати чорак финал ўйинларининг қиймати жуда ҳам баланд: ушбу ўйинда ғалаба қозонган жамоалар ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишади. Агар Сурия ушбу баҳсда ғалаба қозонса, ўз тарихида тўртинчи марта ёшлар ўртасидаги мундиалда қатнашадиган бўларди. Агар ўйин Аҳмаджон Мусаев шогирдлари ғалабаси билан якунига етса, 2013 йили Туркия мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўзбекистонлик ёшлар учун тарихдаги учинчи мундиалга айланарди. Шунинг учун ҳам бўлажак баҳс муросасиз курашларга бой бўлиши ва сўнгги дақиқага қадар кескин ўтиши олдиндан маълум эди.

Учрашувнинг биринчи бўлими тенг курашлар остида кечди. Тан олиш керак, нафақат суриялик ишқибозларнинг кўплиги, балки гуруҳ босқичини ҳам тўлиқ шу ерда ўтказгани учун ҳам «Фужайра» стадионида худди ўз уйидагидек ҳаракат қилган Сурия ёшлар терма жамоаси нисбатан аниқроқ ва хавфлироқ ўйнади. Ваҳоланки, Ҳамид Мидонинг голигача Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида гол уриш учун бир неча вазиятлар юзага келган эди.

Ўтказиб юборилган голдан сўнг Аҳмаджон Мусаев шогирдлари ташаббусни қўлга олишди, кетма-кет ҳужумлар ташкил этишди ва кутилган голни уришди. Навбатдаги бурчак тўпидан сўнг Игорь Сергеев бош билан Шоҳир ал-Шокир дарвозасини аниқ нишонга олди. Ушбу гол Сергеев учун мусобақадаги олтинчиси бўлди ва суриялик Маҳмуд ал-Мавасни ортда қолдириб, мусобақанинг яққол тўпурари бўлиб олди.

Бироқ, ҳеч қанча ўтмай, Маҳмуд ал-Мавас тўпурарлик масаласида Сергеевга яна етиб олди: марказий ҳимоячи Сардор Раҳмоновнинг қоидабузарлиги учун белгиланган пенальтини Сурия ёшлар терма жамоаси тўпурари аниқ амалга оширди ва жамоасини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим Суриянинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди.

Иккинчи бўлим, таъбир жоиз бўлса, тўлиқ Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ташаббуси ва назорати остида ўтди. Айниқса, ҳисоб тенглаштирилган вазиятга қадар жуда кўп вазиятлар, бир нечталаб бурчак ва жарима зарбалари амалга оширилди. Ушбу ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, 77-дақиқада ҳисоб тенглаштирилди. Сурия дарвозасига нисбатан чап қанотда, бурчакка яқинроқ нуқтада ярим ҳимоячи Жамшид Искандаров жарима зарбасини амалга оширди. Ушбу вазиятда захирадан майдонга тушган Ихтиёр Тошпўлатовни қўриқлаб турган суриялик ҳимоячи ихтиёрсиз равишда ҳаводан келаётган тўпни ўз дарвозасига тўғрилаб қўйиб, ҳисобни тенглаштирди.

Асосий вақтда, бахтга қарши, ишқибозлар бошқа гол кўришмади. 30 дақиқалик қўшимча вақтда ҳам, қатор қулай имкониятлар юзага келганига қарамай, дарвозаларни аниқ нишонга олишнинг уддасидан ҳеч бир томон чиқа олмади: асосий вақтдан қолган чарчоқ ўз сўзини айтмай қолмади. Барча масала пенальтилар сериясига қолди.

Пенальтилар сериясида эса омад тўлиқ Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига кулиб боқди. Жамоалар ғолибни аниқлаш учун атиги уч мартадан зарба беришди холос – Сурия бирорта зарбани голга айлантира олмади; Ал-Каддур ва мусобақа тўпурарлигига номзод ҳисобланган Маҳмуд ал-Маваснинг зарбаларини Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси дарвозабони Асилбек Омонов қайтаришга муваффақ бўлган бўлса, Холид ал-Мубаяднинг зарбасини дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Владимир Козак, Сардор Собирхўжаев ва Темур Ҳакимов эса зарба беришда адашишмади… ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ТЕРМА ЖАМОАСИ 2013 ЙИЛГИ ЁШЛАР ЎРТАСИДАГИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ ЙЎЛЛАНМАСИНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ!

Маълумот ўрнида, сентябрь-октябрь ойларида Эронда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Дилшод Нуралиев қўл остидаги Ўзбекистон терма жамоаси мусобақа чорак финал босқичида айнан пенальтилар сериясида Жанубий Кореяни терма жамоасини мағлубиятга учратиб, 2013 йили БААда ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган эди. Қайд этиш жоиз, ўзбек футболи тарихида ҳали ҳеч қачон бир йилнинг ўзида ҳам ўсмирлар, ҳам ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритмаган эди.

Аҳмаджон Мусаев бошчилигидаги ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатидаги навбатдаги учрашувни 14 ноябрь куни Жанубий Корея жамоасига қарши ўтказади. Рас ал-Хаймадаги «Эмирейтс» стадионида ўтказиладиган ўйин Тошкент вақти билан 17:00да бошланади.

the-uff.com