Ўзбекистонда нодир асар намойиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Давлат санъат музейида “Нодир асарнинг қайта туғилиши” деб номланган битта картина кўргазмаси очилди. Унда буюк итальян рассоми Паоло Веронезенинг “Масиҳга аза тутиш” картинаси расмий тарзда тақдим этилди.

Веронезе картинаси топилгани ҳақида илк бор шу йилнинг октябрь ойи охирида хабар тарқаганди. Бундай баёнот беришга асарнинг ҳақиқий эканини тасдиқлаш бўйича икки йил олиб борилган ишлардан сўнг қарор қилинди. Айнан икки йил олдин реставратор Дилшод Азизов картинани тиклаш ишларини бошлаб юборди.

Олам.ўз сайтининг ёзишича, асарнинг ўзи кўп йиллар давомида музейда кўргазмага қўйиб келган, аммо унинг муаллифи номаълумлигича қолганди.

Рассом Собир Рахметовнинг сўзларига кўра, картина пойтахтдаги кўпгина рассомлик ўқув муассасалари учун қўлланма вазифасини ўтаган, талабалар жуда кўп бора ундан нусха кўчирган. “Олдимизда буюк итальян рассомининг ҳақиқий асари турганини ҳеч ким ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди”, – дейди Рахметов.

Картинани томоша қилиш учун кўплаб маданият арбоблари ва расмий шахслар тўпланди. Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари бўйича вазирининг биринчи ўринбосари Фотиҳ Жалолов, Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Риккардо Манара, Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий ва Давлат санъат музейининг директори Васила Файзиевалар қатнашди.

Маълум бўлишича, картина музейда князь Николай Константинович Романов туфайли пайдо бўлган. Айнан у 1886 йили ушбу санъат асарини Тошкентга олиб келади. 1917 йили князь ўзининг картиналар тўпламини Туркистон университетига васият қилиб қолдиради, 1920 йилда эса унинг базасида олдинига Марказий бадиий музей, кейинчалик Ўзбекистон Санъат музейи ташкил этилади. Шу тарзда картина музейга келиб қолади, аммо бугунгидай катта қизиқиш уйғотмайди.

Маълумки, Эрмитажда Веронезе мўйқаламига мансуб “Масиҳга аза тутиш” картинаси сақланади, аммо уларни таққослаганда ҳам картиналар бир-биридан нусха олмаганини, балки ягона Библия сюжетини акс эттирувчи тўлақонли мустақил асарлар эканини ишонч билан айтиш мумкин.

Атрибуциядан ташқари, Тошкент кимё институтида картинанинг рентген-тузилмали, инфрақизил ва ультрабинафша таҳлиллари ўтказилди. Уларнинг натижаларига кўра, картина бир неча бор реставрация қилинган, унда доғлар ва реставратор рассомларнинг “қўшимча чизмалари” борлиги аниқланган.

Бунинг устига картина тўлиқ ўлчамда тақдим этилмаган. Олдинлари реставрация пайтида рассомлар механик йўл билан бузилган жойларни олиб ташлашган. Хусусан, картинада Исонинг қўли “кесилган”. Картина ўзининг дастлабки кўринишида камида 20-30 сантиметр кенгроқ бўлган.

SHARE