Фаластин мухториятининг мақоми ўзгарди, лекин келажаги қоронғу бўлиб қолмоқда

Шу йилнинг 29 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси Фаластин мухторияти мақомини БМТга аъзо бўлмаган “кузатувчи-давлат” даражасига кўтарли. Бу хабар фаластинликлар ва уларни қўллаб-қувватлаётган дунё аҳлини ниҳоятда қувонтирди. Рамаллоҳда минглаб оломон орасида нутқ сўзлаган мухторият раҳбари Маҳмуд Аббос фаластинликларда энди “ўз давлати” борлигинини маълум қилди. Унинг фикрича, бу ютуққа эришиш фаластинликлар учун жуда оғир кечди: кўплаб инсонлар қурбон бўлди, турли тўсиқларга дуч келишди, лекин алал-оқибат кутилган натижага эришилди. Маҳмуд Аббос, ўз навбатида, фаластинликларни тинчликка чорлаб, ХАМАС ва мухторият ўртасидаги бирдамликка эришиш ўта муҳимлигига урғу берди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, “кузатувчи-давлат” мақоми фаластинликларга БМТ Бош Ассамблеяси муҳокамаларида қатнашиш имкониятини бериб, БМТнинг турли агентликларига аъзо бўлишга йўл очади. Энг муҳими, бу мухториятга халқаро судга мурожаат қилиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ваколатини ҳам беради.

БМТ Ахборот марказининг хабар қилишича, БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюцияда Бош Ассамблея “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти унга аъзо бўлмаган Фаластинга тегишли резоюциялар ва амалиётга кўра, Фаластин Озодлик ташкилотининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги Фаластин халқининг вакили сифатида қўлга киритилган ҳуқуқлари, имтиёзлари ва ролига зарар етказмайдиган тарзда кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қилгани” таъкидланади. Резолюциянинг яна бир муҳим моддасида, “Бош Ассамблея Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ва Фаластин давлатининг 1967 йилдан бери босиб олинган Фаластин ҳудудидаги мустақиллигини яна бир карра тасдиқлайди”, дейилади. Резолюцияни 138 та мамлакат ёқлаб, 9 таси қарши овоз берди, 41 та мамлакат эса бетараф қолди. Марказий Осиёнинг барча бешта мамлакати резолюцияни ёқлаб овоз берди.

Ўз навбатида, Исроил БМТнинг ушбу қарорини “зарарли сиёсий театр” сифатида баҳолаб, минтақадаги “тинчликка раҳна солишини” ҳамда унга қарши “таъсирчан ва самарали” чоралар кўришини маълум қилди. Якшанба куни Исроил матбуотида тарқаган хабарларга кўра, яҳудийлар давлати мухторият номидан йиғилган солиқ ва бож тўловларини Фаластин давлати ҳисобига ўтказишни тўхтатиб туради. Бу билан Исроил ҳукумати Фаластиннинг қарзлари ўрнини қоплашни мўлжалламоқда. Ушбу маблағлар мухториятдаги ўн минглаб давлат хизматчилари маоши учун ажратилар эди. Ҳисоб-китобларга кўра, декабрь ойида Исроил ҳукумати 120 миллион доллар маблағни ушлаб қолади. Эътиборли жиҳати, яҳудийлар давлати Ғарбий қирғоқда уй-жойлар қурилишини давом эттиришини маълум қилди. БМТ бош котиби Пан Ги Мун Исроил ҳукуматининг бу борадаги қарори минтақадаги тинчликка жиддий раҳна солишини айтиб, уни фаластинликларни ташқи дунёда узиб қўйишга қаратилган хатти-ҳаракат, деб баҳолади.

Нима бўлганда ҳам, БМТ Бош ассамблеясининг резолюцияси Фаластин халқи учун жуда муҳим қарор бўлиб, бу ютуқдан кўра, ушбу мухторият расмийларини масъулиятлироқ бўлишга ундайди, турли баёнотлар бериш билан эмас, балки фаластин халқининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳақида қайғуриши талаб қилинади. Бу вазиятдан оқилона чиқиш, ўз кучи ва ресурсларига таяниб, қўлга қурол олмасдан, тинчлик билан ўз мустақил давлатини тузиш бу миллат учун ниҳоятда муҳимдир.

SHARE