Ўзбекистонлик бизнесменлар Лас-Вегасга боришади

Las Vegas
Las Vegas

Ўзбекистондаги IBT халқаро компанияси ҳамда АҚШ элчихонасининг Савдо-иқтисодиёт бўлими ўртасида имзоланган битимга кўра, Ўзбекистон бизнес доира вакиллари Америкада ташкил этилаётган халқаро кўргазмаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлишмоқда.

Gazeta.uz сайтининг ёзишича, ўтган йилнинг октябрь ойидан бери Ўзбекистон бизнес доира вакиллари Америкада турли саноат кўргазмаларида, чунончи, Pack Expo International, Retech, International Woodworking Machinery Furniture Supply Fair кўргазмаларида иштирок этишган. Ушбу тадбирлар доирасида делегация аъзолари Нью-Йорк, Майями, Чикаго, Атлантага ташриф буюришди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилаётган мазкур ташрифларнинг навбатдагилари яқин кунларда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унга кўра, Ўзбекистон бизнес доира вакиллари иккита йирик кўргазма — Атлантада 29-31 январь кунлари бўлиб ўтадиган International Poultry Expo/International Feed Expo кўргазмасида, шунингдек, Лас-Вегасда 5-8 февраль кунлари бўлиб ўтадиган World of Concrete кўргазмасида иштирок этишади.

Ушбу ташрифлар Ўзбекистон бизнес доира вакиллари учун тажриба алмашиш, хорижлик шериклар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилади.