Америка ва Канададаги ўзбекистонликлар жамиятлари вакиллари йиғилиши

IMG_2895

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда АҚШ ва Канадагидаги ўзбекистонлик жамиятларининг кенг доиралари иштирок этди.

Чунончи, тадбирда Чикагодаги ўзбеклар жамияти, Канададаги ўзбеклар жамияти, Туркистон — Америка ассоциацияси, Бухоро яҳудийлари конгресси раҳбарлари, шунингдек, “Bukharian Times”, “Ватандош” газеталари, “Мурувват” маркази, “Ватан” жамияти, “Мутувват” алоҳида жамиятлари вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси меҳмонларни Ўзбекистон Конституциясининг 20 йиллиги билан қутлаб, ўзбек жамиятларининг бундай учрашувлари муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.

—          Ҳурматли, ватандошлар! Биз, элчихона ходимлари, оиламиз, мана, шу ерга келганимиздан кейин биринчи марта, ўзбекистонликлар, яъни АҚШ ва Канададаги ўзбекистонликлар жамиятлари раҳбарлари билан бирга йиғилишиб, маслаҳатлашиш бахтига мушарраф бўлиб турибмиз, — деди Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Илҳом Неъматов. — Биз, албатта, элчихона, раҳбарларимиз номидан ҳаммангиз катта ташаккур айтамиз.

Туркистон — Америка жамияти раиси Абдулла Хўжа эса тадбир ташкилотчиларига ташаккур билдириб, йиғилишга келган ўзбекистонликлар жамиятларини ватан равнақи, миллий масалаларда бирлашиш, барча саъй-ҳаракатларни жипслаштиришга чақирди.

Бухоро яҳудийлари конгресси раҳбари Борис Кандон эса тадбир учун элчихона мутасаддиларига ўз ташаккурини билдириб, бу учрашув Ўзбекистон учун кўп юбилейлар, турли сиёсий-ижтимоий воқеликларга билан ҳамоҳанг ўтаётганлигини айтиб ўтди.

Чикаго ўзбеклари жамияти раҳбари Сирожиддин Насафий эса бундай учрашув содир бўлишини кутмаганини, бундай тадбирлар Америкада истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар учун жуда муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Канада ўзбеклари уюшмаси раҳбари Фаҳриддин Худойқуловнинг айтишича, уларнинг ташкилоти анча ёш бўлиб, энди-энди қулоч ёзиб келмоқда. Бугунги кунда Канада 4000-4500 атрофида ўзбекистонликлар бўлса, уларнинг 1500 нафарга яқин уюшма аъзоси ҳисобланади. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам фаол бўлмаса-да, аъзолар орасида фаол зиёлилар борлигини эътироф этиш жоиз.

“Мурувват” маркази раҳбари Тамара Назарова ҳам тадбирда сўз олиб, мазкур учрашув Америкада истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар учун айни муддао эканлигини айтиб ўтди. Унинг фикрича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Охирги йилларда амалга оширилган расмий ташрифлар, турли давралардаги мулоқотлар бу фикрларга асос бўла олади.

Айниқса, тадбир иштирокчиси “Bukharian Times” газетаси муҳаррири Рафаэл Никталов бу учрашув қайсидир маънода унга Ўзбекистонни эслатганини айтиб ўтади. “Биласизми, учрашувда серқуёш ўлканинг тафти сезилиб турди, одамлар юзида истара, меҳрибонлик, тантилик, бағрикенглик узоқ Ватандан хабар бериб турарди”, деди у, жумладан.

 Умуман, учрашув қатнашчилари йиғилишни ташкил этгани учун элчихонага катта ташаккур билдириб, бундай тадбирларни мунтазам ўтказиб туриш кераклигини, ватандошларимиз ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиш зарурлигини уқтиришди. Бу борада ўзаро фикр алмашилди.

Ушбу учрашув ҳақида видео-тафсилот.