Доллардаги ҳунук имзо

7862411_news_bigpic

Жаҳон матбуотида АҚШ молия вазири этиб президент маъмурияти девони раҳбари Жейкоб Льюнинг тайинланиши ҳақида ахборотлар тарқади. Оммавий ахборот воситалари нафақат унинг шахсий сифатларига, балки бошқа жиҳатларига ҳам катта эътибор қаратишмоқда.

Чунончи, АҚШ жамоатчилиги томонидан Жейкоб Льюнинг имзоси кенг муҳокама қилинмоқда. Гап шундаки, молия вазирининг имзоси янги чоп этиладиган доллар купюраларида акс этади. Аммо ҳали тасдиқланмаган молия вазирининг имзоси тушган меморандум интернетда кенг тарқалиб кетди. У чўзилган пружинани ёдга солади. The New Yorker газетаси мухбири Райан Лизза ўз твиттерида ушбу имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлатиб олганини айтиб ўтган. New York Magazine журнали эса Льюнинг имзосини “дунёдаги энг ҳунук имзо” деб баҳолаган. The Daily Caller эса уни “даҳшатли” деб таърифлаган.

 Америкаликларнинг фикрича, доллар АҚШнинг тимсолларидан бири. Шу боис унинг имзоси шунга мос бўлмоғи керак.  Айрим интернет фойдаланувчилар эса бу имзо кўринишини юксак санъат асари асосида баҳолаб, абстракт-экспрессионизм йўналишидаги ноёб дурдона сифатида қайд этишмоқда.

Маълум бўлишича, амалдаги молия вазири Тимоти Гайтнернинг имзоси ҳам  жуда ҳунук бўлган. Аммо кейинчалик ҳозирги доллардаги имзога алмаштиришга мажбур бўлган.