Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Бош котиби Ламберто Занниер Ўзбекистонга ташриф буюрди

«Газета.uz»/ OSCE/Jonathan Perfect
«Газета.uz»/ OSCE/Jonathan Perfect

Ўзбекистонга ташриф буюрган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Бош котиби Ламберто Занниер раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулида бўлди. Бу ҳақда gazeta.uz хабар беради.

Делегация, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида музокара ўтказди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, учрашувда Ўзбекистон билан ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, минтақавий муаммолар, трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш масалалари ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ташкилотларининг турли соҳалардаги имкониятларини янада мустаҳкамлаш мақсадида биргаликда амалга оширилаётган йиллик лойиҳалар доирасидаги амалий ҳамкорликка устувор аҳамият қаратиши таъкидланди.

ЕХҲТ Бош котиби Ламберто Занниер Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) С.Рашидова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов билан учрашувлар ўтказди.

– ЕХҲТ Ўзбекистон билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда, – деди Ламберто Занниер. – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган ишлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик. Мамлакатингиз вазирлик ва идоралари вакиллари ЕХҲТ томонидан ўтказиладиган конференция, форум, семинар ва тренингларнинг фаол иштирокчисидир.

Ламберто Занниер Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ва ЕХҲТнинг қўшма лойиҳаси асосида ташкил этилган тикувчилик цехининг очилишида иштирок этди.

Ламберто Занниер, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Адлия вазирликларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида музокаралар олиб борган.