Имоним деганлар — Ватан деганлар…

e6d45329d9df6a73cb810430e5dec0e8

Асқар Маҳкамнинг Шавкат Раҳмон билан суҳбати

(Қисқартирилиб берилмоқда)

 

– Шавкат ака анчандан буён матбуотда кўринмайсиз. Келинг, бугунги имкониятдан фойдаланиб бир суҳбатлашайлик. Суҳбат жараёнида ўзингизни қийнаб қўядиган саволларга жавоб бермаслигингиз мумкин.

– Кўринишимдан шоирдан кўра, кўпроқ ҳарбийга ўхшасам-да, табиатан анча тортинчоқ кишиман. Уч-тўрт шеър ё мақолани қўлтиқлаб газета-журналларга бораверадиган одатим йўқ.

Назаримда, мамлакатда содир бўлган сиёсий ва иқтисодий жараёнлар руҳиятимизгаям таъсир қилмасдан қолмади. Руҳияти, истеъдод даражаси, иш қобилияти билан бир-бирига яқинроқ турадиган ижодкорлар аввал гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўполонлардан узоқлаша бошлади. Кейинроқ бу гуруҳлар орасидаям парчаланиш рўй берди. Айниқса, СССР емирилгандан кейин бутун ижоди қаршилик (противостояние) заминида турган ижодкорлар узлатга кетди. Хуллас, совет идеологиясига астойдил хизмат қилганлар ҳам, астойдил хизмат қилмаганлар ҳам муҳитдан чеккага чиқди. Айримларга паноҳ қалъаси, айримларга истибдод қўрғони бўлиб кўринган буюк империя вайроналарида кўнгилни айнитар даражадаги манзара пайдо бўлди… Бир неча йил ёзувчиларга мутлақо алоқаси бўлмаган ташкилотларда хизмат қилдим, шеърларимда баён қилинган қарашларимни амалга сингдиришга уриндим. Қолаверса, шоирлик касб эмас, шеър ҳам ботмон-ботмон ёзилавермайди, ёзилиш сабаби бор, вақти-соати бор. Шеър буюк севинчдан ёки буюк фожиадан дунёга келади, танҳоликда яралади, танҳоликда ўқилади. Башар фожиасини, миллат фожиасини ўз фожиаси билиб ўртанган шоир ҳақиқий шеър баҳтига муяссар бўлади. Шеър ёзиш эса ўлим билан юзма-юз туриб гаплашган билан баробардир. Турли-туман расмий давраларда ёши бир жойга бориб қолган невара-чеварали кишиларнинг муҳаббат тўғрисидаги шеърларидан безганмиз. Тугмачадек оғизларини ўйнатиб, “севгилим мен сени ташлаб кетаман” деб ҳайқирган безбетгина “луччак” ойимқизларнинг фироғидан куйганмиз. Ё тавба! Ҳазрат Навоий ҳам невараси тенг қизалоқларни бир жойга йиғиб, “Муҳаббат боғида судралиб юрдим” деб шеър ўқиганмикин? Ҳамма ёмон кўрган феодализм даврида, аёллар, аёл шоирларимиз “севгилим” сўзини ишлатганмикин? Бизларнинг шеър тўғрисидаги, шоир тўғрисидаги тасаввуримиз бузилмаганми, шеърий санъат йўқолмаганми, азалдан заҳар ва асал омухтаси бўлган тилимиз кўча тилига, бозор тилига айланиб қолмаганми?

Бу гапларни айтаётганим боисини англадингиз. Ишқ бошқа, ҳавас бошқа. Дард бошқа, оғриқ бошқа. Ишқсизларга ишқингиздан гапирманг, дардсизларга дардингиздан гапирманг. Фойдаси йўқ. Бундан ўн йиллар аввал миллатимиз фожиаларини шеърларимизда сирқиратиб бериш санъатини ўзлаштираётганимизда бизларни талатганлар кўз ўнгимизда “ашаддий қизиллардан” “ашадий демократлар”га айланиб, шундай уввос тортиб йиғладиларки, қизиллар бошига шундай аҳлатларни тўкдиларки, раҳмимиз келди. Келинглар, Худонинг шу бандалариям муроду мақсадларига етсин, деб ўзимизни тағинам четроққа тортганимизни билмай қолибмиз.

– Гапларингизни эшитяпману, янги мафкура тўғрисида матбуотда билдирилаётган мулоҳазалар ҳақида ўйлаяпман, сиз бу хусусда нима дейсиз?

– Аслида, иқтисодий қонунлар устуворлик қилиши керак бўлган ҳозирги даврда жамиятнинг барча соҳалари мафкурадан тозаланиши керак. Аммо бор-йўғи икки йил аввал мустақил бўлган Ўзбекистон шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, агар айни пайтда маънавиятимизда мавжуд фазилатлардан кўра йўқотилган, бузилган фазилатлар кўпроқ эканини назарда тутсак, мафкура керак, мағзида миллий-ижтимоий ғоялар устун турадиган мафкура керак. Фақат миллий ижтимоият ғояларини фаолиятимизнинг асосий дастури сифатида қабул қилишга ўзимиз тайёрмизми? Ҳамма гап мана шунда. Миллатнинг англаш тарзи, миллатнинг ҳис қилиш тарзи, миллатнинг ифода йўсинлари, миллат тили… Бир Халқаро ташкилотда ишлаб турганимда мусулмон аёллардай оқ рўмол ўраб олган бир ўқимишли опа тез-тез келиб: “аризамнинг судьбаси нима бўлди?” деб сўрагувчи эди. Эсласам, ҳозиргача кулишимни ҳам, куйишимни ҳам билмайман.

Энг аввало, ўтмишдаги ўтмиш фожиалари кўламини аниқлайлик, қолаверса миллатимизга қиладиган хизматларимиз жамланадиган фаолият дастуримизда акс этадиган ҳимматимиз кўламини аниқлайлик. Кейин ушбу буюк вазифани эътиқодли, ватанпарвар биродарларимизга қўш-қўллаб топширайлик. Зеро ҳар қандай жамиятни эътиқодлилар тузади, эътиқодсизлар бузади. Ҳар қандай сиёсатни юксалтирадиган ҳам, ер билан яксон қиладиган ҳам одам эканини унутмайлик. Эътиқодли, имонли кишиларимизни асраб-авайлашни ўрганайлик.

– Ўзбекистон мустақил давлат сифатида дунёга танилди. Сиз бу тарихий воқеани қандай баҳолайсиз? Мустақиллик байрами арафасида қандай тилакларингиз бор?

– Ўзбекистон мустақиллиги осонликча қўлга кирилмади.  Бугунга келиб Ўзбекистон мустақиллигини 150 дан ортиқ давлат тан олди, 50 дан ортиқ мамлакат билан дипломатик алоқа ўрнатди, жаҳондаги барча сиёсий ва иқтисодий ташкилотларга муносиб аъзо бўлди, тинчликсевар сиёсати билан жаҳондаги энг илғор мамлакатлар даражасига чиқди. Агар Ўзбекистондаги бугунги вазиятни қон ва аланга гирдобидаги Молдова, Арманистон, Озарбайжон, Гуржистон, Тожикистондаги аҳволга солиштирсак ёки икки ҳокимият исканжасида тилка-пора бўлаётган Россияга қиёсласак, кимнинг сиёсати нотўғрилиги ойдинлашади.

Шубҳасиз, Ўзбекистон кучли давлат бўлади. Эндиликда мустақилликни мустаҳкамлашга халақит бераётган жамики иллатлардан тезроқ халос бўлишни жадаллаштиришимиз, давлат ва фуқаролар орасидаги муносабатларни эътиборли даражага кўтаришни янада чуқурлаштириш йўлидан бормоғимиз керак. Эҳтиёт бўлайлик, иноқ бўлайлик, ҳали осойишталик билан ривожланаётган республикамизнинг бошини бирор жанжалга тиқиб қўйиб, жаҳон афкор оммасига: «мана, кўрдингларми, бу ўзбекларни фақат биз тинчитиб турган эдик, мустақиллик буларга ярашмайди, булар бир-бирининг гўштини ейди» деб бизларни тағин ўзларининг буюк давлатлари қаватига қўшиб олиш умидида пайт пойлаб турганлар борлигини унутиб қўймайлик…

– Сизни инсон сифатида, шоир сифатида яхши биламиз, аммо фарзандларингиз тўғрисида сира гапирмагансиз, тирикчилик қийнаб қўймадими? Хурсанд бўлган пайтларингнзда «Ўшдай шаҳар дунёда йўқ» деб хиргойи қиладиган одатингиз бор, Ўшга кўчиб кетиш ниятингиз бўлганми?

– Бир ўғлимиз, тўрт қизимиз бор, каттаси Нодирабегим, Жаҳон тиллари университетида инглиз тили куллиётининг 1-курсини тугатди, аълочи қиз; кейингиси Шоирабону, бу йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро ҳуқуқ куллиётига имтиҳон топширди, ўғлимиз Шохруҳбек 8-синфни, қизимиз Камолахон 6-синфни тамомлади, энг кичиги Гулруҳбегим бизнинг асал қизимиз, кўзларимизни яшнатадиган илоҳий гулимиз. Тирикчилигимиз ёмон эмас, шахсан ўзим қийинчиликка отдай чидамли одамман, бундан 15 йил аввал ёзилган бир шеъримда шундай сатрлар бор эди: “Кўзларимдан кўра ҳаётни елкаларим кўрипти кўпроқ….”

Ўшдан кетганимга 23 йил, Москвадан Тошкентга келганимга 18 йил бўлибди. “Ўшдай шаҳар дунёда йўқ” деб хиргойи қилишимнинг боиси Ўшнинг шарқий жанубида ҳовлимиз бор, дарвоза тиқ этса, «ана, келишди» деб ўрнидан қўзғоладиган аямиз бор, ҳовлимиздан бир чақирим наридаги Ойиммозорда дадамизнинг қабрлари бор, Ўшнинг бошқа тарафида суюкли қайинотамизнинг қабрлари…

Аввало фарзандларимизни миллатимиз суянса бўладиган ўқимишли, инсофли кишилар қилиб вояга еткизайлик, тани жонимиз соғ бўлса, нарёғини ҳам кўрайлик. Кейин бир гап бўлар… Ҳар ҳолда, бутун умр Ўшга кўчиб кетиш орзуси билан яшасак керак. Тағин худо пошшо…

Манба: “Ватан” газетаси.

 1993 йил 32-сон.

Kh-davron.uz