Кутилган урушнинг кутилмаган бошланиши…ми?

pic_1359645688

30 январь куни Исроил ҳарбий ҳаво кучларига тегишли самолётлар Суриянинг Жамрай шаҳарчасидаги ҳарбий тадқиқот марказини  ҳаводан ўққа тутган. Бу ҳақда Сурия ҳукумат армияси расман маълум қилган. Agency France-Presse ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, чоршанба куни тонг сахар Исроил ҳарбий самолётлари Сурия чегарасини кесиб ўтган. Ҳарбий учоқлар ўта паст учганлиги боис радарлар уларни қайд қилмаган.

Сурия армияси Исроилнинг бу хатти-ҳаракатини “араб ва мусулмонларга қарши қаратилган йирик тадбирлардан бири” сифатида баҳолаган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Сурия ҳарбийлари бошқа ҳарбий зарбаларни рад қилган.

Исроил армияси вакиллари эса бўлиб ўтган воқеа юзасидан ҳеч қанақа изоҳ бергани йўқ. Шу пайтга қадар Исроил расмийлари “Ҳизболло” қуролли гуруҳи Сурия химиявий қуролларига эгалик қилиши мумкинлигидан ўз ташвишларини  билдирган эди.

Ушбу воқеа гарчи тўлиқ тасдиқланмаган бўлса-да, халқаро ҳамжамиятнинг жиддий муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Чунончи, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда келтирилишича, расмий Москва ушбу ахборотни синчиклаб ўрганиб чиқади. Агар  ушбу хабар тасдиқланадиган бўлса, унда бу БМТ Устави қупол тарзда бузилиши сифатида қабул қилинади.

“Москвада Исроил ҳаво кучларига тегишли учоқларнинг Дамашққа яқин Сурия иншоотлари устидан учиб ўтганлиги чуқур ҳавотир билан қабул қилинди. Агар бу ахборот тасдиқланадиган бўлса, уни нима билан оқлашга уринмасин, БМТ Уставининг қупол тарзда бузилиши сифатида қабул қиламиз”, дейилади ташқи ишлар идораси баёнотида.

Ғарб мамлакатлари эса воқеа юзасидан фикр билдиришдан тийилиб турибди. Аммо Яқин Шарқ масалалари бўйича экспертлар Исроил армиясининг зарбалари тасдиқланадиган бўлса, минтақадаги вазият бутунлай издан чиқиб кетиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Айни чоғда Сурия ва Эрон ҳукумати 31 январь куни Исроил армиясининг бу зарбасига жавобан яҳудийлар мамлакатига қарши зарбаларни юборишни ўз зиммасида қолдиришини маълум қилди. Чунончи, Байрутдаги Сурия элчиси Али Абдул-Карим Али унинг мамлакати “кутилмаган жавоб зарбаси”ни бериш учун имконият ҳам, вақт ҳам топа олишини маълум қилди.  Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳусайн Амир Абдуллоҳян эса Исроил давлатининг “бу қилмиши” расмий Тель-Авив учун қимматга тушишини маълум қилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Исроил армияси Сурия ва Эронга нисбатан ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишни анчадан бери режалаштириб келади. Гарчи бу ҳақда расман гапирилмаса-да, турли “ахборот оқимлари” шуни тахмин қилишга асос бўлаётган эди.

Таҳлилчилар фикрича, Америкада бўлиб ўтган сайловларда иккинчи муддатга сайланган Барак Обама Исроилнинг бундай “ўз бошимча ишлари”га қарши турли “оғзаки” танбеҳ берса-да, жиддий чораларга қўл урмаслиги мумкин. Чунки унинг олдида қайта сайланиш вазифасининг турмаслиги шундай фикр юритишга ундамоқда. Ўз навбатида, яқинда Исроил парламентига бўлиб ўтган сайловларда Биньямин Натаняҳу партиясининг жиддий мағлубиятга учрагани ҳам янги ҳукумат шакллантирилгунга қадар “Биби”ни шундай ишга қўл уришга ундаши мумкин.

Хўш, агар Сурия армияси қайд этган маълумотлар тасдиқланадиган бўлса, халқаро ҳамжамиятнинг бу воқеага муносабати қандай бўлади?

Ғарб ва Исроил давлатига хайрихоҳ давлатлар ушбу вазият юзасидан баёнот билан чиқишиб, томонлар вазиятни музокаралар йўли билан ҳал қилиши кераклиги, БМТ Уставини ҳурмат қилишга чақириши мумкин. Хитой ва Россия (улар вето ҳуқуқига эга) БМТ Хавфсизлик кенгашида бирор резолюцияни илгари суради. Умуман,  Исроил ҳам бу ҳаракатини расман тан олмасдан, инкор қилиши ҳам мумкин.

Яқин Шарқда шундоқ кескин бўлиб турган вазият, шубҳасиз, бу воқеадан сўнг янада таранглашиб, олдиндан билиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин. Исроил ҳукумати эса бу иши учун жиддий сабоқ олиши ҳам мумкин. Мумкин, холос. Бундай уруш кутилмоқда, унинг бўлиш эҳтимоли, эртами-кечми, жуда катта. Аммо унинг қандай бошланиши жуда катта аҳамиятга эга. Ҳозирги ҳолатда эса Исроилнинг юзи шувут бўлиши аниқ…