Обама 2: янгиланган ҳукуматнинг эски вазифаси

barack-obama2

Эрта-индин қасамёд қабул қилиб, президентлигининг иккинчи муддатини бошлайдиган Барак Обама олдида бугун ҳал қилиниши зарур бўлган долзарб вазифалар турибди. У янги маъмурияти билан нафақат АҚШнинг ички муаммоларини ҳал этмоғи, айни чоғда халқаро миқёсда Американинг нуфузини тиклаши, унинг глобал иқтисодий таъсирини кучайтириш талаб этилади.

Чунончи, яқинда АҚШ махфий хизмати таҳлилчилари томонидан тайёрланган “2030 — глобал тенденциялар” деб номланган маърузада ҳам бу борадаги асосий муаммолар кўрсатиб ўтилди.

Ушбу маъруза Барак Обама президентлигининг иккинчи муддати учун махсус тайёрланган бўлиб, у АҚШ президенти маъмуриятига янги стратегия ишлаб чиқишга мўлжалланган. Унга кўра, 2030 йилга бориб, Осиё АҚШ ва Европага нисбатан кучли иқтисодий салоҳиятга эга бўлади. Яқин йигирма йилликда Хитой ўз иқтисодий салоҳияти бўйича Американи қувиб ўтади.

Обама маъмурияти АҚШ иқтисодиётини имкон қадар жонлантириши, унинг рақобатбардошлигини ошириш чораларини кўриши керак бўлади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда АҚШ иқтисодиёти жиддий муаммоларни ўз бошидан ўтказмоқда. Чунончи, мамлакат қарзининг умумий миқдори 16 триллион долларлик маррани босиб ўтди. Бюджет тақчиллиги ҳам йилига бир триллион доллардан зиёд бўлиб қолмоқда. Шу йилнинг бошида Оқ уй ва Конгрессдаги республикачилар партияси етакчилари эришган “молиявий жарлик”ни бартараф этишга оид чора-тадбирлар ҳам иқтисодий муаммоларни вақтинча ҳал этиб, мамлакат иқтисодиётининг узоқ истиқболдаги равнақини савол остида сақлаб қолаверади.

Эронга “нуқта” қўйиладими?

Таниқли журналист Фаред Закариянинг ёзишича, 2013 йилнинг ўзидаёқ Обама маъмурияти Эрон масаласида жиддий муаммога дуч келади. Чунки ўтган йил охирида бўлиб ўтган сайловлар Обамани бу борада жиддий қарорлар қабул қилишдан тийилишга мажбур қилган эди. Аммо бугун Обаманинг олдида иккита йўл турибди: биринчиси, Эронни ядровий қуролдан воз кечишга кўндириш бўлса; иккинчиси Эроннинг ядровий объектларига ҳужум қилишдир. Биринчи йўлни амалга ошириш эҳтимоли кам бўлса, иккинчи йўл АҚШнинг халқаро миқёсдаги обрўсига соя ташлайди. Шу боис у “олтин йўл”ни топишга мажбур.

Аммо шу жиҳат ҳам борки, АҚШнинг бундай масалалардаги дипломатик мулоқот сиёсати ҳар доим ҳам тегишли самарани бермаган. Панама, Сербия, Афғонистон, Ироқ бунга яққол мисолдир. Чунки АҚШ қанчалик ушбу давлатлар раҳбарларига босим ўтказмасин, уларга қарши санкциялар қўлламасин, алал-оқибат, ҳарбий кучдан фойдаланишга мажбур бўлди.

Шу боис Обама маъмурияти мулоқотларнинг “оригинал” йўлларини ишлаб чиқиши ва амалиётга татбиқ этиши керак бўлади. Йўқса, ҳарбий амалиётлар билан ҳам етарлича самарага эриша олмаслиги мумкин. Аммо кўпчилик Обама Эронга қарши ҳарбий амалиётларни олиб боришига кўпроқ ишонч билдирмоқда. Чунончи, Исроил президенти Шимон Перес The New York Times газетасига берган интервьюсида дипломатик музокара Эрон масаласини ҳал қилмаслигини алоҳида қайд этиб, “Обама Эронга қарши ҳарбий куч ишлатади. Бунга ишончим комил”, деб айтиб ўтган.

Аммо халқаро тадқиқотчилар фикрича, Обама ўз саъй-ҳаракатлари орқали Эрон билан самарали мулоқот ўрната олмади. Шуни ҳам алоҳида қайд керакки, иқтисодий санкциялар Эрондаги юқори амалдорлар учун айни муддао бўлиши мумкин. Чунки хорижий компанияларнинг Эрон бозорига кириш имконияти чекланиши айрим эронлик бизнесменлар учун рақобатчилардан холи бўлишга қулай шароит яратади. Аммо, санкциялар Эрондаги иқтисодий вазиятнинг барибир ёмонлашувига, эронликларнинг ўз ҳукуматига эътироз билдиришига олиб келади, дейди америкалик айрим таҳлилчилар.

Бизнингча, иккинчи муддатга сайланган Обама Эронга қарши ҳарбий амалиёт олиб боришдан чўчимаслиги мумкин. Чунки унинг обрўсини қурбон қилиш орқали катта лоббистлар гуруҳи Эрондаги вазиятни издан чиқариши эҳтимоли йўқ эмас.

Сурияда қурбонларни санаш давом эттирилади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари эълон қилган дастлабки маълумотларга қараганда, сўнгги 21 ойда Сурия инқирози оқибатида 60 минг нафардан ортиқ киши ҳалок бўлди. У аллақачон фуқаролик урушининг барча жиҳатларини қамраб олди, деб айтишга тўлиқ асос бор. Башар Асад ҳукумати ҳам борган сари мамлакат бўйлаб назоратни қўлдан бой бермоқда. Мамлакат бўйлаб турли террор ҳужумлар, қотилликлар содир этилмоқда. Хўш, бундай шароитда Обама маъмурияти қандай чора қўллайди? Сурияни ҳам Ливия тақдири кутмоқдами?

Кўплаб кузатувчилар фикрича, Ғарб мамлакатлари Сурия масаласида якдил хулосага эга эмас. Чунки Башар Ассадга қарши курашаётган кучлар ўртасида бирдамликнинг йўқлиги, уларнинг ҳокимиятга келиши эса Ғарб учун яна муаммо бўлиши мумкинлиги Обама маъмурияти учун жиддий синовдир. Гарчи Ассадга қарши курашаётган кучлар аллақачон қурол-яроғ билан таъминланаётган бўлса-да, бу улар эрта-бир кун ҳокимиятга келади, дегани эмас. Айниқса, Россия ва Хитой Сурияда гуманитар инқирозни бартараф этиш бўйича БМТ Хавфсизлик кенгашининг ҳар қандай таклифига жиддий қараётганини унутмаслик керак. Чунки “сутдан оғзи куйган, қатиқни пуфлаб ичар” деганларидек, улар Ливия воқеасидан кейин ўз позицияларини бериб қўйишни истамайди. Обама маъмурияти эса бу муаммони ҳал қилишда “тушунарсиз дипломатия” сиёсатини олиб бориш эҳтимоли каттароқ… Бир сўз билан айтганда, биз суриялик қурбонлар ҳақида ҳали эшитишда давом этамиз…

Обама ўз маъмуриятини шакллантириш арафасида мана шундай муаммоларни Америка манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш чораларини ўйлаётган бўлиши аниқ. Лекин “Обама 2” лойиҳаси “Обама 1”дан кўра “сюрприз”га бой бўлиши мумкин…