Обама камтарона қасамёд қабул қилди

obama-inauguration-bibles.jpeg-1280x960

Ўтган йили ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган Барак Обама бугун Оқ уйда расман қасамёд қабул қилиб, президентликнинг иккинчи муддатини бажаришга киришди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, АҚШ конституциясига кўра, АҚШ президенти инауграция маросими 20 январь куни қоқ тушда ўтказилиши керак. Аммо бу гал ушбу муддат якшанба — дам олиш кунига тўғри келгани учун мазкур таомил камтарона руҳда Оқ уйдаги Мовий залда ўтказилди. Тадбирнинг байрамона қисми эса 21 январь куни ўтказилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, АҚШ вице-президенти Жо Байден ҳам расман қасамёд қабул қилди.

Обаманинг иккинчи муддатдаги президентлик даври осон кечмаслиги аниқ. Чунки у бу давр оралиғида қурол-яроғни чеклаш, иммиграция тизимин ислоҳ қилиш, шунингдек, давлат қарзини камайтириш бўйича жиддий иш олиб бориши керак бўлади.

Бундай жиддий вазифалар инауграция маросимининг кайфиятига ҳам таъсир ўтказмасдан қолмади. Чунки 2009 йилда аксарият америкаликлар Обамага катта умид билан қараб, унинг қасамёд маросимида иштирок этиш учун 2 миллион нафарга яқин одам Оқ уй ва Капитолий ўртасидаги Молл кўчасига йиғилган эди. Бу йил ушбу рақамга яқинлашиш амри маҳол, албатта.

АҚШ президентининг инауграция маросимида Бейонсе ва Fun рок гуруҳи куйлаши кутилмоқда. Ҳарбий парад ҳам кўзда тутилган бўлиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилади.