Президент ва Сенат иммиграция тизимини ислоҳ қилмоқчи

Bipartisan Group Of Senators Announce Major Agreement On Immigration Reform

АҚШ Сенатининг саккиз нафар аъзоси Америка иммиграция тизимини тубдан ислоҳ этишни кўзда тутувчи ташаббусни илгари сурди. Унга кўра, АҚШда яшаётган иммигрантлар мамлакат фуқаролигини олиши мумкин. Лекин бунинг учун чегара назорати кучайтирилиши талаб қилинади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сенаторларнинг ушбу ташаббуси Обаманинг бу борада мўлжаллаб турган ислоҳотларини эълон қилишидан бир кун олдин маълум бўлди. Кузатувчиларнинг фикрича, иммиграция борасида бундай кескин ислоҳотнинг илгари сурилиши республикачилар партиясининг ўтган йилги сайловлардан чиқарган хулосаси бўлиши керак.

Нью-Йорк штатидан сайланган сенатор-демократ Чарльз Шумернинг айтишича, иккала партия вакиллари ҳамкорлигида тайёрланган мазкур ҳужжат баҳорнинг сўнггида ёки ёз бошида Сенат томонидан маъқулланиши мумкин.

Аризонадан сайланган республикачи-сенатор Жон Маккейннинг айтишича, бу ислоҳотлар жуда мушкул бўлса-да, уларни амалга ошириш мумкин. “Бу одамлар яширин ҳолда ишлаши ва яшаши мамлакатимиз манфаатларига тўғри келмаслигига кўпчилик рози бўлса керак. Шунинг учун, яхшиси, ушбу иммигрантларнинг панадан чиқиши, жамият олдидаги мажбуриятини бажариши ва Америка фуқароси бўлиши учун зарур талабларни бажаришига хизмат қиладиган тизим яратайлик”, деди у, жумладан.

Мазкур ташаббусга кўра, ноқонуний иммигрантлар аввалига доимий яшаш ҳуқуқини, сўнгра фуқаролик масаласини ҳал қилиш имкониятига эга бўлишади. АҚШга болалигида келиб қолган иммигрантлар эса тезлаштирилган тартибда бу жараёнга жалб қилиниши мумкин.

Аммо аксарият консерватор конгрессменлар мазкур ташаббусга қарши чиқишиб, бу қонунни бузганлар учун ўзига хос “амнистия” эканлигини қайд этишган.

Республикачилар партияси вакили — сенатор Митч Макконелга кўра, иммиграциядек жиддий масалага оид қонунлар дастлабки тарзда маслаҳатлашувлардан ўтиши керак.

Конгрессмен Ламар Смит эса “Америкада ноқонуний бўлиб турган иммигрантларни  қонунийлаштирадиган бўлсак, бу америкалик солиқ тўловчилар учун миллионлаб долларга айланиши, минглаб америкаликлар ишидан қуруқ қолиши ҳамда ноқонуний иммигрантларни рағбатлантирган бўлишимизни унутмаслик даркор”, дейди.

АҚШ президенти, ўз навбатида, сенаторларнинг мазкур ташаббусини ижобий баҳолаб, бу масалани ҳал этишга аллақачон киришиш кераклигини айтиб ўтди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Обама ҳам иммиграция тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўз дастурини эълон қилди. У сенаторлар ташаббуси билан уйғун жиҳатларга эга бўлса-да, лекин у даражада кескин чораларни кўзда тутмайди.

У сенаторларнинг ташаббуси ҳақида фикр билдирар экан, “Бу хабарнинг яхшилиги шундаки, республикачилар ва демократлар узоқ йиллар давомида биринчи марта бу муаммони биргаликда ҳал қилишга уринганидир”, деди.

Обама агар конгрессменлар тегишли чораларни кўрмаса, Оқ уй ўз қонун лойиҳасини илгари суради ва уни қабул қилиш чораларини кўради, деб таъкидлади. Президентнинг иммиграция ислоҳотларида ҳам тизимни ислоҳ этиш ҳамда чегараларни мустаҳкамлаш ғояси ўрин олган.

Президент ташаббусига кўра, ноқонуний иммигрантлар рўйхатдан ва махсус текширувдан ўтишади. Тегишли тартибда жарима, зарур бўлса, солиқ ҳам тўлайди. Орадан саккиз йил ўтиб, бундай иммигрантлар доимий яшаш ҳуқуқини олиши, ундан беш йил ўтиб эса Америка фуқаролигини олишлари мумкин.