Россиядан пул жўнатиш бўйича ўзбекистонликлар пешқадам

1299409375_190

Россия Федерациясидан ўтган йилнинг тўққиз ойида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларига юборилган шахсий пул ўтказмалари миқдори 13,611 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичларга нисбатан 12 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Россия Федерацияси Марказий банки маълумотларига таяниб, “Прайм” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда Россиядан МДҲ мамлакатларига 16,526 миллиард доллар маблағ жўнатилган эди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу маблағлар Россия Федерациясида ишлаётган мигрантлар юбраётган асосий маблағлар оқими ҳисобланади. Бу маблағлар банклар, почта бўлимлари, пул жўнатмалари тизими, шунингдек, ўзаро таниш-билишлар орқали жўнатилади.

Россиядан юборилган маблағлар ҳажми бўйича Ўзбекистон етакчилик қилиб, улар юборган сумма миқдори тўққиз ой давомида 4,36 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга кўпдир. Кейинги ўринларни Тожикистон 2,266 миллиард (13 фоиз), Украина 2,242 миллиард доллар билан эгаллаган.