Суд Ўзбекистон фуқароси мурожаатини рад этди

580 (1)

Москва шаҳар суди Ўзбекистон фуқароси Баҳром Ҳуррамовни эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб туриш тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирди. Россияда 11 яшар мактаб ўқувчисининг жағ суягини синдирганликда айбланган Ҳуррамовни жамоатчилик, шу жумладан, у ишлайдиган ҳудуд аҳолиси, ўзбеклар диаспораси қўллаб-қувватлагани, боланинг ота-онаси ўз аризасини қайтариб олганига қарамай, судгача қамоқда сақланадиган бўлди.

“Вести-Москва” нашрининг ёзишича, Баҳром Ҳуррамов ўзи сақланаётга камерадан видеотрансляция орқали мурожаат қилиб, унга нисбатан маъмурий чора қўлланилишини сўраган. Аммо судьялар бошқа йўлни тутишган.

“Москва шаҳар Зюзин тумани судининг 2013 йил 9 январдаги гумон қилинаётган Ҳуррамов Баҳром Хонжиевичга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш чорасини қўллаш ҳақидаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин ва адвокатнинг апелляция шикояти қаноатлантирилмасин”, дейилади судья қарорида.

Суднинг мазкур қарори ушбу масалани ўз назоратига олган Жамоатчилик палатаси вакилларининг эътирозига сабаб бўлган.

“Ҳуррамов ишлаган уйда истиқомат қилувчилар мурожаати, қолаверса, ўзбек диаспораси ҳамда жамоатчилик васийлик ҳақида мурожаат қилган бўлса-да, суд бунга эътибор қаратмагани таассуфлидир”, дейди Жамоатчилик палатасининг фуқаролар ва суд-ҳуқуқ органлари тизими билан ҳамкорлик масалалари комиссияси раиси А.Кучерена.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Баҳром Ҳуррамовни қўллаб-қувватлаб, у учун гаров пули тўлашга тайёргарлигини билдирган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Москвада консули Зафар Абдураҳмонов “Известия” газетасига маълум қилган. Тегишли мурожаат судга юборилган.

“Бизнингча, жанжал йўқ жойдан кўтарилмоқда”, деб таъкидлаган элчихона вакили. Айни чоғда консул Ўзбекистон фуқаросига ёрдам беришга тайёргарлигини кўрсатишга жамоатчилик эътиборини қаратишни истамаслигини айтиб ўтган.

“Известия”нинг ёзишича, Ўзбекистон фуқароси Москвада рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилган ва ишлаган. Бу Ҳуррамовнинг судгача озод қилинишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, шу йилнинг 6 январь куни қорбўрон ўйнаётган болалар Ҳуррамовга қор отишгач. Унинг жаҳли чиқиб, болаларни қувлаган. Синган белкурак сопини улоқтириши натижасида 12 яшар Артем Хотеев тан жароҳати олган. Бу иш жиддий муносабатга сабаб бўлгач, бола ўқийдиган мактаб атрофида яшайдиган оилалар вакиллари Ҳуррамовни қўллаб-қувватлаб, полицияга мурожаат қилган.

Гап шундаки, Артем Хотеев анча оғир хулқли бола бўлиб, ўз синфдошларини жуда қаттиқ дўппослагани ҳақида видеотасвирлар интернетда учрайди. Аниқланишича, бола учун бировга нисбатан зўравонлик қилиш одатий ҳолга айланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, тергов органлари Ҳуррамовга нисбатан айбловни янада оғирлаштирган. Агар суд Ҳуррамовни айбдор, деб топса, у беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.