Тадқиқот: Ўзбекистонда қанча солиқ тўланади?

Singapore-Corporate-Tax-System

Жаҳон банки ва Pricewaterhouse Coopers халқаро савдо корпорацияси ва аудит компанияси дунёдаги мамлакатлар солиқ тизимини таҳлил қилиб, энг юқори солиқ ставкалари мавжуд бўлган давлатлар рўйхатини эълон қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон энг юқори солиқ йиғимларига эга бўлган давлат сифатида эътироф этилган. “Солиқ йиғимлари 2013 — глобал панорама” деб номланган мазкур тадқиқотда аҳолиси сони камида 4 миллион кишини ташкил қиладиган 185 давлат солиқ тизими ўрганиб чиқилган. Тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда умумий солиқ ставкалари 98,5 фоиз миқдорида бўлиб, улардан 0,9 фоизи даромад солиғи, 28, 2 фоизи социал солиқлар ва 69,4 фоизи бошқа солиқ турлари ҳисобланади.

Тадқиқотчиларга кўра, Ўзбекистон солиқ тизими Шарқий Европа ва Марказий Осиёда энг юқори бўлган тизимлардан ҳисобланади. Бу ҳудудларда умумий солиқ ставкалари 41,3 фоиздан ошмайди, дейилади ҳисоботда.

Марказий Осиёда энг кам солиқ ставкалари Қозоғистонда бўлиб, 28,6 фоизни ташкил этиб, дунё миқёсида 17-ўринда қайд этилган. Қирғизистон эса 68,9 фоиз ставкалар билан 169-ўринда, Тожикистон 85,9 фоиз билан 174-ўринда кўрсатиб ўтилган.

Солиқ енгилликлари бўйича мазкур тадқиқотда БАА, Мальдив ороллари, Сингапур, Ирландия, Саудия Арабистони, Оман, Янги Зеландия юқори ўринларда қайд этилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда  солиқ юкини камайтириш борасида қатор чора-тадбирларни кўрмоқда. Чунончи, ягона солиқ ставкалари, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари бериш юзасидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилинган.