Ўзбек мақоми Брюсселни ларзага солди

m.yulchiyeva

Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева Белгиянинг Брюссель шаҳридаги муҳташам «Bozar-Muzic» концерт залида ўзининг яккахон концерт дастурини намойиш этди. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги.

Белгиянинг “Art Center BOZAR” маданий маркази томонидан ташкил этилган мазкур дастурда Муножат Йўлчиева мақом йўналишидаги қўшиқларини тақдим этди. Мафтункор қадимий Шарқ руҳи ва муҳити билан безатилган концерт зали томошабинларга тўлди. Муножат Йўлчиеванинг илк куйлаш дақиқаларидаёқ, эшитувчилар унинг сеҳрли ҳамда ҳеч кимни бепарво қолдирмайдиган овозини диққат ва мароқ билан тингладилар.

Концерт якунида эса, бутун зал тик оёқда истеъдодли хонанда ва унинг иштирокига ҳамрох бўлган маҳоратли мусиқачиларга баралла олқишладилар.  “Art Center BOZAR” маданий маркази бошлиғи Тони Ван Дерэкеннинг айтишича, у ўзбек хонандасининг юксак маҳоратига жуда қойил қолди, унинг мақом ижросига ўта самимий ва бутун руҳияти, жисми билан кириб ёндошганлиги эса барчани янада мафтун этиб қўйди.
— Брюссел юздан ортиқ миллат ва элатлар яшайдига кўп миллатли шаҳар, дея таъкидлайди Тони Ван Дерэкен. — Бу нарса, айниқса, ушбу концертга ўзбек хонандасининг ижросини кўргани ташриф буюрган томошабинлардан яққол кўриниб турибди. Муножатнинг унутилмас қўшиқлари ҳамда ўзбек классик чолғуа асбобларининг ажойиб товушларини эшитиб, бу намойиш билан улар барчани забт этишди.

Концерт тамом бўлганида эса, Муножат Йўлчиева саҳнага томошабинлар олдига чиқди, мақомчилик санъатининг буюк хонандаси, ажойиб истеъдод ва юксак маҳорат эгасини яна узоқ олқишладилар.

Марказ менежерининг айтишига қараганда, ушбу залда шу кунга қадар дуёдаги мусиқа санъатининг жуда кўплаб метрлари концерт берган, лекин улардан кўпчилиги томошабинларнинг бундай завқли ва илиқ қабулига сазовор бўлмаган эди.