Ўзбекистонда иқтисодий жиноятлар учун жавобгарлик енгиллаштирилди

    16834

    Ўзбекистонда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Қонун матни “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ҳам бир қатор ўзгартишлар киритилган.  Чунончи, Кодекснинг саккизинчи бўлимидаги “анча миқдор” ва бошқа атамаларнинг ҳуқуқий маъноси янги таҳрирда берилган.

    Парламент вакилларига кўра, бугунги кунда иқтисодиётнинг тез суръатлар билан ўсиши фуқаролар даромадларининг мунтазам ошишига, давлат томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинишини янада кучайтиришга имкон бериб, хусусий тадбиркорлар даромадларининг йилдан-йилга мунтазам равишда ўсишига замин яратмоқда.  Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиёт соҳасида содир қилинган жиноятлар оқибатида етказилган зарар миқдорини қайтадан кўриб чиқиш заруратини юзага келтирди.

    Амалдаги қонунларга кўра, ҳуқуқбузарлик оқибатида мулкдорга энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан ортиқ зарар етказилганда, одатда, жиноий жавобгарлик келиб чиқар эди. Қабул қилинган қонунда анча миқдордаги зарарнинг суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача, кўп миқдордаги зарар энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача, жуда кўп миқдордаги зарар эса энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз бараваридан ортиқ қилиб белгиланган. Чунончи,  жиноий жавобгарлик етказилган зарар энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан ортган ҳолдагина вужудга келади. Бошқа ҳолларда эса содир этилган хатти-ҳаракат маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

    Умуман олганда, келтирилган зарар миқдорининг юқорида кўрсатилган тарзда қайта кўриб чиқилиши жиноий ҳаракатларни тавсифлашга жиддий таъсир кўрсатиб, иқтисодий жиноятлар учун тайинланадиган жазоларни ҳам либераллаштиришга олиб келади.