Ўзбекистонда олий таълим муассасалари рейтинги эълон қилинади

1397Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикадаги олий таълим муассасаларини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унга кўра, 2013 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган олий ўқув юртларини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади. Республика олий таълим муассасалари рейтингини тузиш ва уларни баҳолаш билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази шуғулланади.

Рейтинг олий ўқув юртининг илмий-педагогик фаолияти даражасини ва сифатини характерловчи маълумотлар базасини мунтазам равишда танлаб олиш ва шакллантириш асосида тузилади.

Қарорда қайд этилишича, Давлат тест маркази рейтинг натижаларини 1 мартга қадар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Рейтинг тўртта мезон асосида тузилади: ўқитиш сифати даражасининг индекси (35 фоиз), талабалар ва битирувчилар малакасининг индекси (20 фоиз), олий ўқув юртининг илмий салоҳияти (35 фоиз) ва бошқа кўрсаткичлар (10 фоиз).
Қарорга мувофиқ, Давлат тест маркази ҳар йили рейтинг асосида соҳани такомиллаштириш бўйича конкрет таклифлар билан бирга мамлакатдаги олий таълимнинг ривожланиш ҳолати ҳақидаги таҳлилий маърузани тайёрлайди.