“Ўздунробита” судга банкротлик ҳақида ариза берган

picture1

“Ўздунробита” МЧЖ ХК Тошкент шаҳар хўжалик судига банкротлик тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. Бу ҳақда Россиянинг “Ведомости” газетаси ўз манбаларига таяниб хабар тарқатган.

Газетанинг ёзишича, компаниянинг бундай қарорга келишига Россиянинг “МТС” компаниясининг тўлиқ шўъба корхонаси бўлмиш “Ўздунробита” ҳисоб-рақамларига пул маблағларининг тугаганлиги сабаб бўлган. Гап шундаки, жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция ҳайъатининг қарори билан саккиз ой давомида Ўзбекистон бюджетига 600 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаши керак эди.

Аммо компания ҳисоб-китобларида бор-йўғи 180 миллион доллар маблағ бўлиб, музлатиб қўйилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу маблағнинг 150 миллион доллари жарима учун ундириб олинган. Куни кеча компания ҳисоб-рақамида маблағ йўқлиги боис ўзини банкрот, деб эълон қилиш учун мурожаат қилган. Суд беш иш кунида ушбу масала юзасидан қарор қабул қилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили компанияга Ўзбекистон қонунчилиги талаблари бузилганлиги туфайли жиноий иш очилиб, “МТС-Ўзбекистон” лицензиялари бекор қилинган эди.