Ўзбекистон — Қирғизистон чегарасида нима бўлмоқда?

Шу йилнинг 15 январь куни Қирғизистон Республикасига тегишли бўлган “МИ-8” вертолёти Фарғона вилоятининг Сўх тумани чегарасига 4-4,5 километр ноқонуний кесиб ўтган. Бу ҳақда 12news.uz сайти айрим интернет манбаларига таяниб, хабар тарқатди. Вертолёт Янгиариқ, Сариқайда ва Чашма қишлоқлари устидан учиб ўтган. Интернет-нашрнинг ёзmi-8amt_kolaviaишича, Қирғизистон тараф мазкур учиш йўналишини Ўзбекистон билан келишмаган.

Ўз навбатида, Қирғизистон давлат чегара хизмати ушбу ахборотни рад этиб, мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тегишли вертолёт 15 январь куни Боткент туманида қор кўчкиси ва “Сўх воқеаси”дан сўнг ташқи дунёдан узилиб қолган қишлоққа озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш учун ҳавога кўтарилган ва Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтмаган, деб қайд этди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шу йилнинг бошидан бери Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегара ҳудудлари турли англашилмовчилик юз бериб турмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сўх туманида келиб чиққан воқеага Қирғизистон фуқароларининг бетон симёғочни ўрнатишдаги нотўғри хатти-ҳаракати сабаб бўлган. Улар симёғочни ўрнатиш чоғида Ўзбекистон чегарасини бузишган ва бу маҳаллий аҳолининг эътирозига сабаб бўлган. Шундан сўнг вазиятга икки давлат чегарачилари аралашишига тўғри келган.

Ўзбекистон томони 5-7 январь кунлари Қирғизистоннинг Боткен туманидаги Чорбоғ қишлоғи ва Сўх анклавида юз берган чегара ҳодисасида жабр кўрган Қирғизистон фуқароларининг зарарини тўлиқ қоплашга тайёрлигини билдирган. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг Боткен туманидаги вакили Женишбек Разаков билан учрашув вақтида Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев маълум қилган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мамлакат ҳукуматининг 2012 йил якунларига бағиланган мажлисидаги маърузасида Ўзбекистон қўшни давлатлар ҳар қандай баҳсли масалаларга ечим топишига ишонч билдирди.

“Марказий Осиёда бешта мустақил суверен давлат жойлашган. Биз бу давлатларнинг суверенетини, мустақиллигини ҳурмат қиламиз. Ўзимизни ҳурмат қиладиган бўлсак, уларни ҳам ҳурмат қиламиз. Бизнинг қадриятларимиз, урф-одатларимиз, динимизга қарайдиган бўлсак, бизни ажратадиган нарсанинг ўзи йўқ. Лекин кимдир буни қўзғатишга, ташқаридан томоша қилишга интилмоқда. Шунинг ҳисобига булар (Марказий Осиё давлатлари) бир-бири билан овора бўлиб, тараққиёт йўлидан четда қолиб кетади. Ўзбекистонга ҳам, Қирғизистонга ҳам, Тожикистонга ҳам эртага ҳеч қанақа инвестиция келмайди. Булар тиланчи бўлади. Бизнинг маҳсулотимизни олишга мажбур бўлади, ўз ишлаб чиқаришга қурби етмайди”, деб таъкидлади Ўзбекистон раҳбари, шу жумладан.

“Биронтаси айтмайди: “Бу қўпорувчи ҳаракат”. Улар буни ёрдам, деб атайди. Биласизми, воситачи қаерда керак? Бозорда керак. Савдогарларни бир-бири билан яраштиради. Сиёсатда воситачи қанақа ишни қилади? Ўз манфаати йўлида ҳаракат қилади. Бу минтақада тинчлик бўлиши керак. Бу минтақада ўзаро ҳурмат бўлиши керак. Бу минтақада минг йиллар давомида тожик билан, қирғиз билан, туркман билан, қозоқ билан бирга яшаганмиз ва ҳеч нарса бизларни ажрата олмайди”, деб хулоса қилди Президент ўз сўзига.