Ватандошлар дийдорлашганда… “Мурувват”нинг беназир муруввати

29chi tadbir-Tamara

Бугунги хориждаги ватандошлар турли байраму шодиёналар, фестиваллар баҳона кўришиб туришида катта маъно бор. Бир-бири билан мунтазам алоқада бўлиш, миллий маданиятимизни, урф-одатларимизни, қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, Ватанда рўй бераётган муҳим воқеалардан, ижтимоий ўзгаришлардан воқиф  бўлиш ана шундай тадбирларнинг бош мақсадидир.

Америкадаги “Мурувват” маркази ҳам ватандошлар бошини қовуштириш, улар билан бир пиёла чой устида суҳбат уюштиришни хайрли анъанага айлантирган. Нью-Йоркда ташкил этилган бу йилги Янги йил оқшоми ҳақида ҳам худди шундай илиқ фикрларни билдириш мумкин. Том маънода ватандошлар, қардош халқлар фестивалига айланган мазкур оқшом кўпчилик ташриф буюрувчиларда илиқ таассурот қолдирди. Буни уларнинг фикрлари ҳам тасдиқлайди:

Умархон Зокирхўжаев:

—                   Мен “Мурувват” марказининг фаол аъзолариданман. Марказ томонидан ўтказиладиган турли тадбирларда мунтазам қатнашиб келаман. Марказнинг бундай катта тадбирларни амалга оширишида Тамара Назарованинг бош-қош бўлишини, куйиб-пишишини алоҳида айтишни истардим. У ҳар бир ишни бамаслаҳат, кўпчилик фикри билан қилади. Шу маънода айтганда, марказ бундан-да ривож топишига, унинг халқимиз назарига тушишини чин юракдан тилаб қоламиз.

Профессор Муҳаммаджон Раҳимов:

—                   2010 йилда Millennium концерт залида дунёнинг 16 мамлакатидан ташриф буюрган вакиллар концерти ташкил этилди. Ўзбекистон номидан “Мурувват” маркази фольклор ансамбли чиқиш уюштирди. Ўшанда Тамара Назарова бошчилигида бир гуруҳ вакилларимиз Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Умуман, ҳар доим марказ олиб бораётган тадбирларни кузатиб, уларга раҳмат айтаман. Чунки Ватандан йироқда бундай хайрли ишларни амалга ошириш, Ватан шаънини улуғлаш жуда шарафли вазифадир.

Санобар Бобохонова:

—                   Янги йил байрамига оила-аъзоларимиз билан келдик. Таассуротларим жуда катта. Аввало, 220 нафардан ортиқ ҳамюртларимиз ва бошқа миллат вакиллари қатнашган тадбир ўта қизиқарли, сермазмун бўлди. Оиламиз билан мазза қилиб ҳордиқ чиқардик. Шу баҳона “Мурувват” марказига мазкур оқшомни ташкиллаштиргани учун ўз миннатдорчилигимни билдиришни истардим.

Бадрия Турдиева:

—                   Қозоғистоннинг Жамбул вилоятиданман. Байрамга оилам билан ташриф буюрдим. “Мурувват” марказининг барча тадбирларида фаол қатнашиб келамиз. Айниқса, Америкага энди келган йилларимиз Ватанимизни жуда соғинардик. “Мурувват” маркази тадбирларида қатнашиб, кўнглимиз таскин топар, ҳамюртларимиз мулоқот қилардик. Шунинг учун ушбу марказга ўз миннатдорлигимни айтишни истардим.

Нуриддинхўжа Зокирхўжаев:

— Тошкент шаҳриданман. Ўртоқларим билан Тамара Назарова таклифи орқали “Наврўз”, Мустақиллик байрамларида, шунингдек, Янги йил оқшомларида мунтазам қатнашиб келамиз. Она-Ватанимиздан бохабар бўлиш, Ватанни қадрлаш, ватанпарварлик туйғуларини биз ёшлар ҳис қилишимизда мазкур байрамларнинг аҳамияти ниҳоятда катта.  2012 йилда ўтказилган Наврўз ва Янги йил байрамлари, айниқса, ёдимизда яхши сақланиб қолди. Бу тадбирларда Америка жамияти вакилларининг ҳам жалб этилаётгани, уларда катта қизиқиш уйғонаётгани мамлакатимиз тарихи, маданияти ва урф-одатларини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йилги Янги йил оқшомидан кичкина фарзандларимиз ҳам жуда хурсанд бўлишганини айтиш жоиз.