Юлдуз Усмонов қўшиқлари FM-радиоларда “айлана” бошлади

yulduz_usmonova

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 5 йиллик танаффусдан кейин яна ўз қўшиқларини махаллий ОАВлари орқали тақдим эта бошлади, деб ёзади “Даракчи” газетаси сайти.

Хонанданинг расмий веб саҳифасида эълон қилинишича, жорий йилнинг 26 январидан бошлаб юртимиз ФМ-радио тўлқинларида “Гулисан” номли тарона эфирга узатилмоқда. Ушбу янги қўшиқ Янги йил байрами кунлари мухлисларга тақдим этилган эди. 

Бунгача Юлдуз Усмонова бир марта телевидение орқали ҳам кўриниш берганди. Янги йил байрами куни Тв-марказ телеканали орқали намойиш этилган М&TV A-2012 тақдирлаш маросимида у ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида эълон қилинди.

Маълум бўлишича, примадонна 5 март куни Самарқанд вилояти, Оқтош шаҳридаги ресторанлардан бирида концерт дастурини ҳам намойиш этиши кўзда тутилган. Ўтган йили ҳам у айнан Самарқандда мухлисларига ўз қўшиқларини армуғон қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Юлдуз Усмонова сўнгги бор 2007 йилда Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида концерт берган ва ўшандан буён асосан Туркия теле ва радио эфирлари орқали чиқиш қилиб келаётганди. Шунга қарамай, у ўтган 6 йил давомида 3 та ўзбек тилидаги ва 4 та турк тилидаги мусиқий албом чиқарган ҳамда Россия, Туркия, БАА, Исроил, Тожикистон, Қозоғистонда қатор концерт дастурини тақдим этган.