Бугун ҳазрат Алишер Навоий таваллуд топган кунга бағишланган адабий кечалар бўлиб ўтмоқда

    7736

    Шу кунларда мамлакатимизда буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 572 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар, адабий кечалар, илмий анжуманлар, мушоиралар ўтказилмоқда.

    Анъанага кўра, 9 февраль куни Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғида шоир таваллудининг 572 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

    Шу муносабат билан бу ерга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар мутасаддилари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар йиғилди.

    Маънавият ва маърифатни юксалтириш, баркамол авлодни вояга етказиш, она тилимиз, миллий адабиётимиз равнақида улуғ шоир, мутафаккир Алишер Навоий ижодининг аҳамияти беқиёсдир. Мамлакатимизда Навоий меросини ўрганиш, асарларини нашр этиш, мазмун-моҳиятини кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан бу борадаги ишлар ҳар томонлама рағбатлантирилиб, шоир асарлари жамланган йигирма жилдлик ва ўн жилдлик тўпламлар халқимизга тақдим этилди.

    Ҳозирги глобаллашув даврида Алишер Навоийнинг инсоний баркамоллик, одоб-ахлоқ, беғубор ва покиза туйғулар улуғланган асарлари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Шу боис улуғ шоирнинг ижод намуналари жаҳон халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

    Тадбирда Алишер Навоий даҳосига бағишланган шеърлар ўқилди.

    Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.