Хакерлар Ўзбекистон номидан Тоғли Қорабоғни “тан олишди”

fd293fb76839db0e92a5f681691dda75_500_0_0 (1)

Ўзбекистон Республикасининг Озорбайжондаги элчихонаси расмий сайти хакерлар ҳужумига учраган. Хакерлар томонидан бузилган сайтда Ўзбекистон томонидан Тоғли Қорабоғни Арманистоннинг ҳудуди сифатида тан олгани ҳақидаги ахборот қолдирилган.

Озорбайжоннинг ann.uz сайтининг ёзишича, сайт хакерлар ҳужумига учрагани ҳақида ахборотни Арманистон оммавий ахборот воситалари қайд этишган. Айни чоғда сайт фаолияти тўхтатилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шу пайтга қадар Ўзбекистон Озорбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб келади.Аnn.uz сайтининг ёзишича, Ўзбекистоннинг фикри ўзгариши мумкин эмас, сайтдаги ёзув эса “кулгини қистатади”, холос.

 Айни вақтда Ўзбекистоннинг Озарбойжондаги элчихонаси расмий сайти – uzembassy.az – ишламаяпти. Сайт провайдери айни вақтда юзага келган муаммони бартараф этиш бўйича иш олиб бораяпти.

Тоғли Қорабоғ собиқ СССР парчалнишидан сўнг юзага келган зиддиятлар пайтида Арманистон ҳудудига қўшиб олинган. 1991 йилда Тоғли Қорабоғ Озарбойжондан ўз мустақиллигини эълон қилган. Расмий Боку ушбу вилоятни «арманлар томонидан эгаллаб олинган Озарбойжон ҳудуди» деб ҳисоблайди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 30 январь куни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси расмий сайти ҳам худди шундай хакерлар ҳужумига учраган эди. Kun.uz сайтининг ёзишича, ЎзМТРК сайтига Clone-Security номли, ўзини «ўзбек хакерлик гуруҳи» деб таништирган гуруҳ ҳужум қилган. Ҳужумдан сўнг ЎзМТРК сайтида хакерлар томонидан шундай ёзув қолдирилган (лотин ёзувига асосланган ўзбек ёзувида, аслидагидек): “Sizlar xalqqa tarqatayotgan axborotlar yolg’on axborotlardir! Undan tashqari sayt umuman xavfsizlik talablariga javob bermaydi!”

BBCUzbekнинг ёзишича, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси мулозими бу хабарни рад этиб, ушбу ҳолат техник муаммолар бўлиши мумкинлиги, аммо сайт яхши ҳимояланганини айтган.