Қирғизистон президенти А.Атамабаев: “Бизда бир неча йил Ўзбекистон элчиси йўқ эди…”

Қирғизистон президенти расмий веб-сайти. А.Атамбаев (чапда), К.Рашидов (ўнгда)
Қирғизистон президенти расмий веб-сайти. А.Атамбаев (чапда), К.Рашидов (ўнгда)

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида муносабатлар фақат ижобий тарафга ривожланиб бораверади, деди Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатга янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Комил Рашидовдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиш маросимида. Бу ҳақда 12news.uz сайти хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон Ўзбекистонни дўст мамлакат сифатида қабул қилади.

“Бизни Ўзбекистон, Тожикистон сингари давлатлар билан Яратганнинг ўзи бирлаштирган. Биз ҳеч қачон қанақадир провакацион ҳаракатларга алданиб қолмаймиз. Фақат кўпасрлик дўстлик, қўшничилик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидан борамиз. Бизда неча йилки Ўзбекистон элчиси йўқ эди. Умид қиламанки, сиз турли провакация, миш-мишлар шароитида, Ўзбекистонга ҳақиқатни етказишга ва вазиятни ойдинлаштиришга барча саъй-ҳаракатларингизни йўналтирасиз. Биз Ўзбекистон раҳбарининг донишмандлигига бир неча бор — 2010 йилда, ўтган йили ҳам, бу йил ҳам гувоҳ бўлганмиз”, деди Атамбаев, жумладан.

Бундан аввалроқ маълум бўлган эдики, Ўзбекистон президенти икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 20 йиллиги муносабати билан Қирғизистон президентига юборган мактубида расмий Тошкент ва Бишкек ўртасидаги ҳамкорлик сермаҳсуллик касб этишига умид билдиришини маълум қилган.

Қирғизистон давлат органларига маълумотига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2012 йилнинг 11 ойида 222,8 миллион долларни ташкил этган.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 144,6 миллион долларни ташкил этди.