«Марказий Осиё АҚШ учун иккинчи даражали бўлмаслиги керак»

logo_csis

«2014 йилдан сўнг Афғонистондан халқаро коалиция кучлари олиб чиқиб кетилгач, Марказий Осиё давлатлари АҚШнинг глобал миқёсдаги стратегиясида асосий йўналишлардан ўрин олмаслиги мумкин. Аммо Вашингтон Марказий Осиёга орқасини ўгирмаслиги керак», дейилади Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази томонидан тайёрланган «АҚШ ва Марказий Осиё 2014 йилдан сўнг» деб номланган маърузада.

Афғонистонда уруш тугаганидан кейин «Марказий Осиё АҚШ учун устувор, ҳатто иккинчи даражали ҳамкор бўлишдан тўхтайди», дейилади маърузада.

Маъруза муаллифлари АҚШ Марказий Осиёдаги манфаатлари қатъий эканлигини очиқ кўрсатиши, Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар тугагандан сўнг турли даражада Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини сақлаб қолишини амалда исботлаши керак, деб ҳисоблайди.

«Бу минтақа бир неча минтақалар марказида жойлашган бўлиб, улар бир-бири билан узвий боғланган. Уларнинг барчаси марказида Марказий Осиё туради. Шу боис бу ердаги беқарорлик барча минқталар учун салбий таъсир кўрсатиши мумкин», дейди Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази директории ўринбосари Жеффри Манкофф.

Марказий Осиё сайёрамиздаги ягона шундай ҳудуд бўлиб, бешта ядро қуролига эга давлатлар — Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Россия ва вақти келиб, Эрон билан ураб олинган. Шунинг учун минтақа жуда муҳимдир, дейилади маърузада.