«Қора бозор»га қарши оммавий кураш бошланган

dollars_28012013

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «қора бозор»да валюта айирбошлашнинг олдини олиш борасида изчил чоралар кўрилмоқда. Чунончи, шу йилнинг 1 февралидан чет эл валютасини нақдга сотиш тизими бекор қилинди. Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш устидан назорат кучайтирилди. Шу мақсадда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси таркибида Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомуласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича махсус бошқарма тузилди.

Kun.uz сайтининг «РИА Новости» ахборот агентлигига мухбирига таяниб ёзишича,  Ўзбекистонда ноқонуний валюта айирбошлаш билан шуғулланувчи шахсларни оммавий ҳибсга олишлар бошланди. Унга кўра, шу йўл билан ҳукумат, яқинда жорий этилган – жисмоний шахсларга хорижий валютани нақдсиз сотиш тартиби сабаб миллий валюта – ўзбек сўмининг қадрсизланишига ҳалал беришни мақсад қилган.

«Энди нақд хорижий валютани сотиб олиш имкони йўқлиги сабаб, унинг тақчиллиги юзага келади, бунинг натижасида валюта маҳаллий сўмга нисбатан кескин қимматлашади. Бунинг олдини олиш учун эса ҳукумат бир вақтнинг ўзида «қора» брокерларни ҳам йўқотишга қарор қилган. Брокерлар бўлмаса, валютани сотиш ва сотиб олиш имкони ҳам бўлмайди, ўз-ўзидан, валютага талаб ҳам бўлмайди ҳамда валюта нархи қимматлашмайди», – деб ёзади «РИА Новости» манбаси.

«Новости Казахстан» ахборот агентлигининг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида «қора бозор»да чет эл валюталарининг, чунончи, долларнинг нархи кескин туша бошлаган. Хусусан, банкларда нақдга чет эл валютасини сотиш тизими бекор қилингач, долларнинг «кўча нархи» 2920 сўмгача кўтарилган бўлса, шу ҳафта бошидан унинг нархи барқарорлашиб, пасая бошлаган. Чунончи, сўнгги маълумотларга қараганда, 6 февраль куни «қора бозор»да 1 АҚШ доллари 2650-2750 сўм атрофида баҳоланган.

Айни чоғда кўча-кўйда, бозорларда чет эл валютасини эмин-эркин сотиш ҳолатлари кескин қисқарган. Ўзбекистонда «қора бозор» курси мамлакатга келтирилаётган импорт маҳсулотлар, чунончи, озиқ-овқат ҳамда ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархига ҳам таъсир кўрсатади. Кўпчилик ҳукумат бошланган ишни охирига етказиши, уни маълум вақт ўтгач, тўхтатиб қўймаслиги кераклигини айтишмоқда.