Парламент маҳалла ваколатини кенгайтирмоқчи

©UzA/parliament.gov.uz
©UzA/parliament.gov.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси амалдаги  “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини янги таҳрирда қабул қилмоқчи. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси ахборот хизмати маълум қилди.

Парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида қайд этилишича, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни амалга оширишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини кучайтиришга, уларнинг жамоатчилик назорати соҳасидаги вазифаларини янада кенгайтиришга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хусусий тадбиркорлик, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига айлантиришга қаратилгандир.

Хусусан, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қўшимча ваколатлар бериш назарда тутилмоқда. Шунингдек, маҳаллалар тегишли маслаҳат марказларини ташкил этиш бўйича ваколатлар олиши назарда тутилган бўлиб, бу маслаҳат марказлари тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишни хоҳловчиларни ўқитиш бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил этади, тадбиркорлик фаолияти субъектларини мавжуд имтиёзлар ва бериладиган афзалликлар ҳақида хабардор қилади, ёшларни ишга жойлаштиришга, уларнинг ташкилотлар ва ҳунармандларга бириктириб қўйилишига кўмаклашади.

Янги таҳрирда, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга оширишини, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни аниқлашини, фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи кишиларни иш билан таъминлашини белгилаб қўйиш таклиф этилмоқда.

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга қўйиладиган бир қатор қўшимча талаблар, хусусан, камида беш йиллик ўтроқлик цензи, давлат органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларидаги ёхуд хўжалик ва тадбиркорлик фаолияти соҳасида иш тажрибасига эга бўлиш зарурлиги белгилаб қўйилмоқда.